Добавил:
Upload Опубликованный материал нарушает ваши авторские права? Сообщите нам.
Вуз: Предмет: Файл:
fayl_Chayonlar_so`qmog`i.docx
Скачиваний:
3
Добавлен:
01.07.2025
Размер:
855 Кб
Скачать
☆

Биринчи қисм "зира ҳиди"

1 Боб. Алданганлар

Минг тўққиз юз тўқсон олтинчи йилнинг август ойлари эди. Нормурод ўрта мактабни тамомлагач, ўртоғи Карим билан университетнинг «жисмоний тарбия ва спорт» йўналиши бўйича ҳужжат топширишди. Лекин омадлари чопмади. Ҳар иккиси ҳам имтиҳондан ўта олишмади. Шундан сўнг икки йигит нима қиларини билишмай университет ҳовлисида бир неча кун тентираб юришди. Уларнинг назарида ҳали ҳам бирор "илинж" бордек эди.

– Нор, анавини қара, қанақадир қизиқ эълон бор экан, – деб қолди бир пайт Карим улкан чинор дарахтига ёпиштирилган бир варақани кўрсатиб.

Эълон матни ўқишга кира олмай қолган ёшларга мурожаатнома тарзида диний қироат услубида битилганди. Унда ўқишга ўта олмай қолган ёшлар асло надомат чекмасликлари, Аллоҳнинг карами кенг эканлиги ва ислом илмини эгалламоқ ниятида бўлган диёнатли ва билимга чанқоқ ҳар қандай мўмин-мусулмон ёшларни ўз паноҳида асраб, уларни хориждаги Ислом университетига имтиҳонсиз қабул қилинишлари ҳақида баён этилган ва ҳужжатларни топширишга талабгорлар Саид Ғани аталмиш шахсга мурожаат қилишлари лозимлиги қайд этилган, тагига телефон рақами ҳам ёзиб қўйилганди.

...Нормурод билан Карим ўз қишлоқлари Сарчинорга ўқишга ўта олмаганлари туфайли юзлари шувут бўлиб эмас, балки ўзгача кўтаринки шукуҳ билан қайтдилар. Саид Ғани уларнинг ҳужжатларини қабул қилиб оларкан, "Яна бир кун кеч қолганларингда гуруҳ тўлиб қолган бўларди. Демак йўлларингиз очиқ, "Аллоҳ" деган йигитлар экансизлар, "қабул қилиндик" деб ҳисоблайверинглар", – деб уларни бениҳоя хурсанд қилди.

Нормурод билан Каримнинг хориждаги олий ўқув юртига қабул қилинганликлари ҳақидаги хушхабар, айниқса ота-оналари ва қариндош-уруғлар томонидан хушнудлик билан кутиб олинди. Табрик устига табриклар икки навқирон йигитчани ниҳоятда руҳлантириб, шодлантириб юборди. Ҳаётларидаги дастлабки довондан ўтишда омадлари кулиб боққанидан улар бағоят бахтиёр эдилар.

Нурмат муаллим ўғлининг бу ютуғидан бир томондан хурсанд бўлгиси келса-да, бироқ юрагининг бир чети жуда хижил эди. "Қизиқ, нега энди ҳаммаси осонгина?..., – дея хаёлидан ўтказди у. – Болалар ислом илмидан хабардор бўлишмаса, араб тилини-ку..., алифни калтак дейишса", – деб, кўнглидаги шубҳаларини ўғлига ошкор қилган бўлди.

– Тўғри, дада, – деди Нормурод ишонч билан. – Аввало бизни вақтинча бир жойга олиб бориб тайёрлов курсида тил ўргатишаркан. У ерда ислом илмидан сабоқ оларканмиз. Кейин, бепул уст-бош, овқат, ётоқ, ҳатто, стипендия ҳам беришармиш, – деди Нормурод бамайлихотир ўзидан ҳам қўшиб.

– Ҳа, ундай бўлса дуруст. Давлатимиз бекорга пул сарфламаётгандир..., – дея хотиржам бўлди Нурмат ака соддалик билан.

У бошқа бу ҳақида оғиз очмади. Энди унинг фикри-хаёли хорижга кетаётган ўғлига янги уст-бош, қўлига бир оз маблағ қилиб беришда эди. "У ёқларда Америка пули ишлайди дейишади" – дея фикрлади ота ва хаёлига келган бир ўйдан кайфияти кўтарилди. Ён қўшниси Раимжоннинг эрталабки гапи ёдига тушиб қолди: нима эмиш, Қирғизистоннинг Боткен мол бозорида қўй-моллар долларга сотилаётганмиш. Райимжоннинг бир таниши у ёққа ўнта қўй олиб бориб, чўнтагини "кўки"га қаппайтириб қайтганмиш. Энди у янги чиққан "Жигули"дан сотиб олармиш. Қўйларини тилло конини топган аллақандай хорижий геологлар сотиб олиб, айтган баҳосига пулни дангал ташлашганмиш.

Муаллим шу маҳал боткенлик қирғиз ошнаси Сапарқулни эслади. Баъзи-баъзида Сапарқул уникига шанба кунлари келиб, эртаси бозор қилиб кетарди. Нурмат ака ҳам Сапарқулникига бир неча марта борганди. Ўтган йили бўлса уларникида бутун оиласи билан меҳмонликда бўлиб, "Қорабулоқ" деган сўлим жойларда дам олиб қайтишди. Ён киссалари тўлганича зира уруғидан сидиришди. Сапарқул меҳмонлар шарафига қўй сўйиб "Шуни еб бўлиб кейин кетасанлар" деб туриб олди. Қимизга ҳам роса тўйдирди...

Нурмат ака ўша кунларни мамнунлик билан эсларкан, ширин энтикиб қўйди. Ўйларини чой қуйиб узатган хотини бузди.

– Шанба куни қўйларимизни сотгани Сапарқулникига борамиз, – деди Нурмат ака ўз азму қарорини яширмай. – Ўғлимизнинг қўлига оз-моз дастмоя қилиб бермасак бўлмайди.

– Ҳа-я, мусофир юртда пулсиз юриб бўлармиди, дадаси, – деди Каромат ая уни тасдиқлаб.

Аммо шу тобда аёлнинг хаёлида "Нега энди қўйларни Қирғизистонга олиб бориш керак? Тавба, ўзимизда ҳам жониворлар яхши пул-ку?.." – деган ўйлар кечди.

Ота аёлининг фикрини ўқиб олгандек ғудраниб қўйди:

– У ёқда қўйлар долларга сотилаётганмиш. Ўғлингга ўшанақа пуллар керак бўлади-да!

Каромат аяга ҳам эрининг бу қарори маъқул тушди шекилли, меҳмонхонада арабча луғатни халитдан ҳижжалаб ўқиб ётган Нормуродга қарата қичқирди:

– Эшитдингми Нор, шанба куни отанг билан қўйларимизни Боткенга олиб бориб сотиб келаркансизлар!

Ичкаридан "Ҳа, эшитдим!", деган дўрилдоқ овоз келди.

Нормуроднинг хаёлини энди китобдаги тушунарсиз сўзлар эмас, балки боткенлик Сапарқул аканинг қизи – ёноқларида чиройли кулгичлари бор, бодомқовоқ Гулбиби банд этди. "Қизиқ, Гулбиби ҳозир нима қилаётган экан?... У ҳам мактабни тугатгучи эдику", – дея фикрлади йигит. Нормурод шу зайл Гулбиби билан чегара жойлардаги тоғ этакларида зира териб юрганларини, Қорабулоқда қимиз ичганларини эслади. Биринчи гал қимиз ичгани учун Нормурод анча хижолат чеккан, қорни оғриб қолганди, ўшанда...

Қорабулоқнинг бошқа жойлардан фарқли ўлароқ мафтункор табиати ўзгача эди. Тоғдан зиранинг хушбўй, димоқларни қитиқловчи бўйи уфуриб турарди. Қиз-жувонлар тоққа ёпирилиб тоғ гуллари ичра зира ўсимлигини ажратиб олишар ва унинг ҳали етилмаган донини этакларига сидиришарди. Айтишларича, кейин уни салқинда қуритишармиш. Қорабулоқнинг зилол сувлари тошлар орасидан шаршара бўлиб отилиб чиқиб, сойга айланиб, шарқираб оқиб ётар, отилаётган жойида бўлса, табиат бежирим камалакнинг суратини кўз-кўз қиларди...

Нормурод, ўша ўтган йили меҳмондорчиликка борган Қорабулоқдаги ширин дамларини эслаб мутлақо тушунарсиз бўлган арабча китобга бошини қўйганича ширин уйқуга кетди.

Оилавий борди-келди, дўстлик ўз йўлига бўлиб, Нормурод жиккаккина, аммо чаққон Гулбиби билан дастлаб мактаблараро ўтказилиб туриладиган спорт мусобақаларида яқинроқ танишганди. Гулбиби спортнинг кўпкураш бўйича мусобақаларида иштирок этиб, ўз жамоасига ғолиблик даражасини олиб берган бўлса, Нормурод фарғонача кураш ва кикбоксинг бўйича ўз вазни тоифасида ғолиб бўлганди. Чунки у ўқишдан сўнг бўш пайтлари туман марказида ташкил этилган спорт тўгарагида фаол иштирок этар ва туман жамоаси таркибида республика мусобақаларида қатнашиб, унинг шарафини ҳимоя қилиб келарди. Шу туфайли ҳам у кўп медал ва совринлар соҳиби, спорт усталигига номзодлардан бири бўлди. Сўнгра уни муваффақиятли тугаллагач чегара қўшинларида хизмат қилувчи ҳарбий зобит бўлиш унинг орзу-истаги бўлиб, дастлаб университетнинг жисмоний тарбия соҳаси бўйича ўқишга кириш эди. Афсуски, аниқ фанлардан билими саёзроқ бўлгани учунми, орзусига эришолмади. Гулбиби бўлса тоғликлар оиласидан чиққан абжир ва чаққон, чавандоз ва мерган қизлардан бири бўлиб, спортчилик иқтидори унинг туғма хислатларидан бири эди. Аммо уни ўқишга юборишмади.

Нормуроднинг кўз ўнгидан болаликнинг ана шу қувноқ дамлари бир-бир ўтаркан, икки ғолиб спортчи ёшлар худди ҳинд фильмларидагидек гўё ясатиғлиқ отларга миниб гуллар билан бурканган тоғ ёнбағирлари бўйлаб елиб боришарди... Онаси Каромат ая "Овқат пишди, турақол ўғлим" деб уни уйғотиб юбормаганида, ким билади, у тушида қўшиқ ҳам айтиб юборган бўлармиди...

* * *

Сапарқул ака бу сафар ҳам ўзбек дўстини қучоқ очиб кутиб олди. Нормурод билан ҳам самимий кўришаркан:

– Эҳ-ҳе, ўғлинг бул, паҳлавон жигит бўлыбдирку! Қатын алыб бербысинбы? – деб қўйди ҳазиллашиб.

– Э йўқ, у ўқишга кетаяпти, чет элга, – деди Нурмат ака ғурур билан.

– Ў-ҳў, амад яр бўлсын! Келингиздер, марҳемет! – Лутф этди Сапарқул ака меҳмонларни ичкарига таклиф қиларкан.

Хуллас меҳмондорчилик қуюқ бўлди. Улар тоғдан-боғдан, нарх-наводан ва бошқа турмуш икир-чикирларидан қизғин суҳбат қуришди. Ўша онда Нормуроднинг икки кўзи "олма терар" ва Гулбибини қидирарди. Қиз илгаридек жиккаккина эмас, балки тўлишиб қолган, кўкраклари етилиб полапонлардай учмоққа шай эдилар.

Қиз ҳар замонда дастурхонга ул-бул олиб келиб қўяр ва жилмайиб "Алышып ўтирингиздер", – деб Нормурод билан бирров кўз уриштириб, чиройли ишва қилиб кетарди. Бу ҳолатни Нурмат муаллим ҳам сезгандай бўлди.

– Қизингни ўқишга бермадингми? – деб сўради у дўстидан.

– Э жўқ, у эжесига қарашватыр. Эжеси геологдерге заказной тамақ пишириб жатыр.

– Улар тамаққаям доллар билан ҳисоб-китоб қилишаяптими?

– Бе жўқ, долдер не кирек? Қирғиз пули аламыз.

– Бизга бўлса доллар керак, – деди Нурмат ака ўғлига жиддий бир назар ташлаб олиб. – Нормуродга хорижда керак бўлади-да. Шунинг учун опкелган қўйларимизни ўша геологларингга сотиб берасанми, дегандим.

– Гап жўқ. Сардариға айтамын, биринши бўлуб сени қўйингдерды алад...

* * *

Мол бозорининг таърифи йўқ... Боткенда ундан ҳам баттар экан. От, эшак, мол, қўй, эчки аралаш-қуралаш бўлиб кетибди. Бадбўй ҳид ва оёқ остидаги ифлослик одамни дастлаб беҳузур қиларди. Лекин даллоллар бундан ҳузур қилишса керак. Айниқса, сотувчининг қўлини "Рака топинг!" – деб узиб юборгудек даражада силкишлари жуда қизиқ бўлади. Нурмат акага эса даллол билан жағни-жағга қўйиб баҳслашиш насиб қилмади. Сапарқул тез орада қора соқол, оқ дўппили, кўзлари уккиникидай чақчайиб қарайдиган барзанги икки кишини бошлаб келди.

Улар қўйларни у ёқ-бу ёғини ушлаб кўришди:

– Отахон, қўйлар қаерники? – Сўради улардан бири тожикча лаҳжада.

У соқолининг тагини тез-тез қашлаб оларди.

– Сарчинорники. Ўзим ем бериб боққанман, – деди Нурмат ака сергакланиб.

– Мешавад, бгрем! – деди у шеригига.

Хуллас, қўйлар ўзбек, рус, тожик, қирғиз тилларида ўзаро баҳоланди. Нурмат ака савдонинг кўнгилдагидек бўлганидан хурсанд бўлди. Долларларни санаб олиб "барака топ" қилишди.

Қуёш бош кўтармасданоқ бозорни якунлаган икки дўст бу сабабни "ювиб" нишонламоқчи бўлишди. Фурсатдан фойдаланган Нормурод отасидан Қорабулоққа бирров бориб келишга рухсат сўради.

– Ҳай майли, ҳаялламай тезроқ қайт, уйга қайтишимиз керак, – дея рухсат берди ота ўғлига.

Нормурод Сапарқул аканикига қараб ошиқди. У йўл-йўлакай Гулбибини қандай қилиб уйидан чақириб олиб кетишга баҳона изларди. Хайрият, онаси Кунсулув опа сигир соғаётган экан, қизни ошхонадан топди.

– Юринг, Қорабулоққа бориб келамиз. – Таклиф қилди йигит Гулбибига шивирлаб.

– Йўқ. Энди у ерларга бориб бўлмайди, – деди қиз афсусланиб.

– Нега энди? – сўради йигит ажабланиб.

– У ерда тилла кони топишганмиш. Қорасоқолли одамлар автоматли туришибди. Ҳеч кимни ўтказишмаяпти.

– Биз ҳали қўйларни ўшаларга соттикми? – деди Нормурод ачинган бўлиб.

– Майли, сиз чиқиб кетаверинг. Мен ортингиздан етиб оламан, хўпми? Биз бошқа томонга – Қоратошга бора қоламиз.

Йигит нима бўлса ҳам қизни кўндира олганидан беҳад қувонди.

Улар чегара тоғ этакларида учрашдилар. Бу учрашув аввалгисидан кўра ўзгача фараҳбахш бўлиб, йигит ва қиз қалбига ширин ҳислар, нозик туйғулар туҳфа этарди. Нормурод тоғ гулларидан гулчамбар ясаб Гулбибига тақдим қиларкан, хориждан, албатта, тез-тез хат ёзиб туришга ваъда берди.

– Қачон кетасиз? – сўради қиз хомуш.

– Янаги ҳафтага.

– Эссиз, эжем Тошкентга борганларида, бирга кетиб йўл-йўлакай сизларникига тушиб, хайрлашиб келган бўлардим, – деди қиз ерга қараб.

– Овора бўлманг, Гулбиби.

Улар қушнинг тумшуғи каби тепаси «Г»симон чиқиб турган улкан харсангтош олдига келишди ва тепасига чиқиб ўтириб ширин орзуларга берилишди. Нормуроднинг хаёлига қандайдир фикр келди-да, ўтирган тош устидан чаққонлик билан пастга сирғалиб тушиб келди ва бир ўткир оқ тошни топиб харсангтош сиртига ниманидир ёза бошлади. Гулбиби бўлса тош устида қирғизча алёр айтиб ўтирарди:

Тўмарым, ай-ай тўмарым,

Аясенши мени суйгўн тўмарым...

Ниҳоят у ҳам тош устидан аста туша бошлади. Нормурод унга қўл узатди. Қўллар туташди. Қиз «Ай!» дея бир сакради. Аммо йигит негадир унинг қўлларини қўйиб юборгиси келмасди. Тошга "Мени кут. Н+Г" деб ёзилганди. Буни кўриб қиз йигитни "чўлп" этказиб ўпиб олди ва ўзи қочиб кетди. Улар бир-бирларини қувалашиб кетишди. Бахтиёр ёшлар ортидан қоратош харсанглари "ҳай-ҳайлаганича" қолаверишди...

* * *

Нурмат муаллим ўғлини хорижга кузатиш маросимини ҳам ўтказиб берди. Хайрлашиш учун мактабу жамоа хўжалигидан ва ҳатто, қишлоқ масжид имом-хатиби ҳам ташриф буюрди. Нормуродга оқ йўл тилаб дуои фотиҳа қилишди.

Бундай маросим Каримларникида ҳам бўлиб ўтди. Икки ёшнинг хорижга ўқишга кетишлари қишлоққа шов-шув бўлди. Аммо ўша куни қишлоқда бир нохуш воқеа ҳам содир бўлганди. Нурмат аканинг яқин жўраларидан бўлган, зиёли Олимжон аканинг политехника институти 2-курсида ўқийдиган Раҳматилла исмли ўғли давлат тузумига қарши қандайдир диний китоблар, варақалар тарқатаётганида қўлга олинганмиш. Шу туфайли ҳам маросимларни унчалик чўзиб ўтиришмади. Кўзда тутилган "амри-маъруф" ўрнига ёшларга тез оқ йўл тилаб қўя қолишди.

Ота-она билан хайрлашув оғир кечди:

– Ой бориб, омон қайтгин, болам! – дея Каромат ая йиғлаб юборди.

Кечикиб бўлса-да, тулпорини миниб Сапарқул ака ҳам етиб келди. У ҳам "Омон қайт, паҳлавон жигит", – дея қучоқлашиб хайрлашди.

* * *

Нормурод билан Карим вилоят марказининг белгиланган жойига келганларида бир хусусий автобус уларни кутиб турарди. Унда ўзлари қатори яна йигирма чоғли йигитлар бор эди. Барчалари хурсанд, юз-кўзларида ёшлик шукуҳи жилва қиларди.

– Самолёт Хўжанддан учадиган бўлди, – деди ўша гуруҳни шакллантирган чўққи соқолли Саид Ғани деган киши, – Шунинг учун автобус билан ҳозир ўша ёққа кетадиган бўлдик.

Улар тушган автобус Нормурод ва Каримларнинг қишлоғи депарасидан юриб, Боткен чегарасидаги адирлар ёқалаб ўтган йўлдан елдек бораркан, Нормуроднинг кўз ўнгида Гулбибининг хайрлашаётгандаги ёниб турган шаҳло кўзлари "ярқ" этиб намоён бўлди. Хаёли севган қизида бўлиб, Ўзбекистон чегараларига етиб келишганини ҳам англай олмай қолди.

Ўзбекистон божхона постига яқин қолганида Саид Ғани автобусни тўхтатди ва салонга ўтиб ҳар бир йигит билан бирма-бир ним айёрона жилмайиб ҳол-аҳвол сўраб чиққан бўлди. Сўнгра тантанавор равишда сўзламоққа тушди:

– Ислом йигитлари! Сизларнинг ватанимизга эсон-омон қайтишингизга Аллоҳнинг ўзи мададкор бўлсин! Фақат бир илтимос, манзилимизга тезроқ, бош оғриқсиз етиб олишимиз учун божхона постидан ўтилаётганида ортиқча гап-сўз қилмасанглар. Масалан, хориж тўғрисида умуман оғиз очманглар, хўпми? Мабодо "қаерга кетаяпсан?" деб сўраб қолишса, "иш билан" ёки "қариндошларимизникига кетаяпман", – деб жавоб беринглар. Чунки, ортиқча расмиятчилик вақтни олади, асабни бузади, тушунарлими?!

– Тушунарли!! – деди йигитлар бараварига.

– Ундай бўлса бир тиловат қилайликда, Аллоҳдан сафаримиз бехатар бўлишини сўрайлик.

Қуръон сурасидан тиловат қилиниб, яхши тилаклар билдирилди. Автобус яна йўлда давом этди.

Автобус ҳақиқатан ҳам божхона кўригидан ўтказилди, юклар текширилди. Хорижга ўқишга кетилаётганлик "аҳиллик билан" яширилди. Йигитлар божхонадан эсон-омон ўтиб кетганларидан гўё уларни тангри қўллаб, омад ёр бўлганидек хурсанд бўлдилар. Ёшларнинг қизиқувчан нигоҳларида кўтаринки руҳ пайдо бўлгани яққол сезилиб турарди. Йўлда яна бир чойхонада тўхтаб тамадди қилиб олишди. Ҳожат учун ўтиб келган Карим Нормуроднинг қулоғига оҳиста шивирлади:

– Саид Ғанининг рацияси бор экан... Ҳув ануви ерда бир тепаликка чиқиб, аллақаёққа телефон қилаётганини, эртага ҳам бир гуруҳни Намангандан жўнатишини айтди.

– Ҳа, нима бўпти? – деди Нормурод бепарво.

– Шу десанг, нимагадир оёғим тортмаяпти-да. Қайтиб кета қолсакчи-а!...

– Ўле, жинни-пинни бўлдингми? – дея жеркиб берди Нормурод жаҳли чиқиб. – Уйдагиларга нима деймиз? Худойи қилиб, оқ йўл тилашган бўлишса!...

– Нега бўлмаса бизни божхонадан бунақа олиб ўтишди?

– Қанақа?

– Яширинчага ўхшаб-де.

– Ишинг бўлмасин. Ўпкангни бос, тўйдан олдин ноғора чалмагин. Биз ҳали узоқ хорижда эмасмиз-ку!... – деди Нормурод "Кўнглинг тўқ бўлсин, қайтишга улгурамиз" деган маънода.

* * *

Хўжанд аэропортига яқин жойда Саид Ғани йигитларни тўплаб, қисқача маъруза қилди ва уларни Душанбе аэропортида тайёрлов курси муаллимлари кутиб олишини ва дастлабки исломий ўқув марказига олиб кетишларини, у ерда бепул ётоқ-жой, озиқ-овқат ва кийим-кечак билан таъминлашларини айтди. Карим ҳам шундан сўнггина тинчланган бўлди.

– Сизлар фақат ҳақиқий мусулмон фарзандларидек одобли бўлиб, уларнинг айтганларидан чиқмай яхши сабоқ олишларингиз керак. Чунки, у ерда оладиган билимларингиз хорижда ислом илмини ўзлаштиришда жуда керак бўлади. Кейин ватанимизга муносиб илмли ўғлонлар мақомида қайтиб, яхши-яхши амалларнинг эгаси бўлишлик насиб этади. Сизлар ватанимизнинг келажагисизлар, энди унинг равнақи, тақдири сизнинг қўлларингизда бўлади! Ислом илмини эгаллаган, бу муқаддас йўлни танлаб, ундан қайтмаган бандасини Аллоҳнинг ўзи асрайди!

Саид Ғани уларни самолётга чиқариб "оқ йўл" тилаб қолди.

Душанбеда йигитларни ошқовоқ саллали, чўзинчоқ соқолли, ола чопонли ёшини аниқлаб бўлмайдиган бир мўйсафид ҳамда тўрт нафар қора соқолли, чала ҳарбийча кийимдаги кишилар кутиб олишди ва уларни бир четга сафга тургизишди. Бу қорасоқоллилар Нормуродга негадир Боткендаги геологларни эслатди. Лекин у ҳамон бефарқ эди. Хаёлидан "Одам-одамга ўхшайди-ку!" – деган ўй ўтди. Йигитлар рўйхат бўйича текшириб кўрилди. Паспортлари йиғиб олинди. "Ҳаммаси жойида" деган имо қилингач, "Машинага тез чиқинглар!" – дея ҳарбийча буйруқ берилди.

Йигитлар ўзларини гўё ҳарбий хизматга чақирилгандек кўтаринки ва жанговар кайфиятда ҳис қилдилар. Уларни ёпиқ фургон машинага чиқаришганда икки автоматли қорасоқол аскар ҳам улар билан бирга, ортларидан чаққонлик билан чиқиб олишди. Чопонли киши, чамаси, кабинада борарди. Бу ҳолат ажабланарли ва хавотирли бўлиб, ҳеч ким чурқ этишга ботина олмади. Йигитларнинг нигоҳи қўндоғига кўк изолента ўралган автомат қуролида бўлди...

Шаҳарнинг текис асфальтланган йўллари тугаб эгри-бугри ва сўқирлама тоғ йўллари бошланди. Қора соқоллилардан бири йигитларга қараб иршайди ва шеригига тожикчалаб бир нималар деган бўлди. Шериги қорайиб кетган кемшик тишларини кўрсатиб беўхшов кулиб қўйди ва чўнтагидан "Беломор" папиросини чиқариб узатди. Шериги папиросни олиб, уни тиккалатиб тутатаркан ҳузур қилиб тутунини тортди ва оғзидан қайтариб чиқариб, чиққанини ҳам усталик билан яна бурнига қайтиб симирди. У бу томошани йигитлар кўрсин учун атайин қилаётганди.

– Бачаҳо, нағз меретонми? Яхши келяпсизларми?! – дея тўсатдан қичқирди у.

– Ҳа!!! – деб жавоб беришди йигитлар бараварига ўртадаги сукунат барҳам топганидан кўнгиллари таскин топиб.

– Ҳаммаш нағз мешавад. Худоёр, – деди у шеригига қараб, – бачахобаям те.

Худоёр ўрнидан туриб даврага "ўқланган" папирос пачкасини айлантирди.

– Марҳамат, гиретон. Олинглар, бемалол.

Йигитларнинг кўпчилиги чекса-чекмаса мулозамат учун, қолаверса, нотаниш, совуқ нусха аскарлар билан ҳар ҳолда яхши муносабат ўрнатиш мақсадида қўл қайтаришмади. Тез орада фургон ичи димиқ тутунга тўлди. Баъзи чекмайдиганлар ўласи бўлиб йўтала бошлашди.

Узоқ йўл, теварак-атрофни кўра олмай кетаётган йигитларга наша тутуни ўз таъсирини кўрсатди. Кимдир суяниб, кимдир узала тушиб, чала маст ҳолатга кириб қолди. Кимдир кулар, кимдир ўзича бетўхтов алжирарди...

– Бачаҳо тайёр шуд, – деди Худоёр шериги тамон иршайиб қараб. Сўнгра ёнида турган сумкаларини қўли билан оҳиста пайпаслаб тита бошлади.

Шу маҳал Нормуроднинг ортида чурқ этмай, чекмай, аммо наша тутунидан сармаст келаётган Одилжон исмли йигит қора соқолли аскарнинг шубҳали ҳаракатларини сезиб қолди.

– Ҳой, нима қилаяпсиз?! Бу менинг сумкам-ку!

– Э, шунақаме, бачажон. Бирор егулик борме, дедем.

– Тепасида туршак бор. Бемалол олаверинг, – деди Одилжон ўзини босиб, "пайти келсаку сенга ўғирлик қилишни кўрсатиб қўяман-а", деб қўйди у хаёлан ва ҳозирча у билан суҳбатлашиб кетишни лозим кўрди.

– Исмингиз нима, ака?

– Меники Худоёр, шеригимники Раҳмонзода – деди у. Туршакдан оғзига ташлаб тили билан беўхшов айлантира кетди.

Нормурод ва Карим бу пайтда бир-бирларига суяниб олган ҳолда машинага монанд силикина-силкина боришар, Карим мункайиб қотиб қолган бўлсада, Нормурод анчагина ҳушёр, Одилжон билан Худоёр ўртасидаги суҳбатга гўё эътибор бермагандек тинглаб борарди.

– Қаёққа кетаяпмиз ўзи, Худоёр ака? – сўради бир пайт Одилжон.

– Қаёққа бўларде, лагерга-де, – деди Худоёр бепарво.

– Қанақа лагерь?! – сўраб қолди йигит тўсатдан.

Нормуроднинг ҳам кўзлари "ярқ" этиб очилиб кетди. "Лагерга", дедими? Ахир бизни ўқув марказига олиб боришмоқчи эдику! Бу автоматлилар кимлар бўлди экан? Ёки бизларни гаровга олишмоқчими?"..., деган ўйлар хаёлидан яшин тезлигида ўта бошлади.

У дўсти Каримни туртиб уйғотишга уриниб кўрди, аммо у қўлини худди мастлардек силтаб алжираб қўйди. Шу маҳал Раҳмонзода дегани ўрнидан туриб Нормуродга олайиб қараб қўйди ва бошқа йигитларни ҳам бир-бир кўздан кечириб чиқа бошлади. Унинг ёвқараши Нормуроднинг шубҳаларини янада кучайтирди. Одилжонга қараб "Нима гап?" дегандек имо қилиб сўради, у "билмасам" дегандай ҳайрон бўлиб елкасини қисди.

Улар жуда узоқ йўл юришди. Энди текисроқ йўллар ҳам тугаб, аллақандай баланд-паст, эгри-бугри, тушунарсиз йўллардан боришар, йўловчи йигитлар силтанавериб гўё тахланган пиёз қопларидай узала тушиб қолишганди. Ўзига келганлар машина бортининг хиёл тирқишларидан қаерда кетаётганликларини чамалаб билишга ошиқардилар. Йигитлар ўзларининг нотаниш, қандайдир серқоя ва бепоён тоғлар орасида боришаётганини тахминан ҳис қилиб туришарди. Ҳар ҳолда Нормурод билан Одилжон ўзларининг алданганлигини ёки гаровга олинганликларини биринчилар қаторида англаб етишди ва энди қочиш ҳақида ўйлай бошлашди. Карим ҳам анча ўзига келиб қолди. Нормурод унинг қулоғига "Карим сен ҳаққа ўхшайсан", дея оҳиста шивирлаб қўйди. Унинг ҳам олазарак кўзлари мўлтираб, уларда "Энди нима қиламиз?" деган савол пайдо бўлди.

– Ҳой ака! – дея қичқирди Нормурод бир пайт, – шеригимнинг кўнгли айнияпти, машинани тўхтатинг, илтимос!

– Ҳа. Заҳар танг қилиб кетди-ку, Худоёр ака, бир зумга тўхтанглар! – Қўшилди Одилжон ҳам.

Бу гапга бошқа йигитлар ҳам ғудраниб қўшилишган бўлишди.

– Йўқ. Чидайсанлар! – дея хитоб қилди Раҳмонзода.

Унинг кўзлари ёвуз чақнарди.

– Мени қорним очди, – деди бир ёшроқ йигитча йиғламсираб.

Ниҳоят Раҳмонзода қўли сиққулик тешикка қўлини тиқиб кабина томини тақиллатди. Машина бир томони жарлик, бир томони баланд тоғ бўлган ва қоя остида булоқ суви чиқиб турган жойга тўхтади. Шофёр тезлик билан капотни очиб қизиб кетган радиаторга сув қуйишга киришди.

– Бачаҳо, бист дақиқа дам бгретон! – деди Раҳмонзода қичқириб. – Йигирма дақиқа холос. Тушунарлими?! У ёқ-бу ёққа кетиб қолишни ўйламаларинг. Йўқса хафа қиламан-а!

Олдиндаги енгил машина ҳам тўхтаб ундан икки қуролланган аскар ва уларнинг сардори ҳам тушиб келишиб йўлнинг икки томонига автоматларини шай қилиб туриб олишди.

Одилжон "Мен қочдим" дегандай Нормуродга маъноли қараб қўйдида, гўё ўзини қорни оғриётгандай кўрсатиб жар ёқасидаги бир улкан тош ортига томон шошиб кета бошлади.

– Ҳой, тўхта! Сен қаёққа?! – қичқирди Раҳмонзода.

– У ёққада, ҳалиги...

– Кўз олдимда ўтирасан!

– Хўп, – деди Одилжон.

Аммо у тош ортига ўтдида, қочиб кетиб бошлади. Раҳмонзода автоматини шарақлатиб унинг ортидан чопди ва осмонга қарата тариллатиб отди. "Тўхта, дедим!" дея қичқирди у... "Ист!" деди Худоёр ҳам.

– Ўзимга қўйиб беринглар у мочағарни! – дея ўшқирди сардор ва ёнидаги тўппончасини чиқариб енгил машинани ортга буришни буюрди.

Сув ичиб-ичмаган, саросимада қолган йигитларни яна мажбуран фургонга тиқа бошлашди. Қорни оч йигитча бақириб йиғлаб юборган эди, чаккасига мушт тушди ва зарбадан йиқилиб боши бир тошга тегдида, ўзидан кетди.

Одилжон узоқ кетолмади. Жарлик тик эди. Сакрай деса ўлими муқаррар. Ортидан отилган тўппонча ўқларидан бири оёғининг сонини ялаб ўтди. Шунинг учун иложсиз таслим бўлди. Жаҳли жунбишга кирган Раҳмонзода уни йигитларнинг кўз ўнгида дўппослаб, тепиб ташлади ва аскарлар бир қоп картошкани юклагандай йигитни борт ичига итқитишди. Шундан сўнггина йигитлар кимларни қўлига тушиб қолганини, қочиш энди бефойдалигини, тақдирга тан бериш кераклигини тушуниб етишди.

Машина нотаниш тоғ даралари оралаб яна узоқ юрди. Йигитларнинг тинкаси қуриди. Одилжонга қўлларидан келганича тиббий ёрдам кўрсатиб, ўқ ялаб ўтган сонини боғлаб қўйишди.

Ниҳоят машина аллақаерда тўхтади. "Тушинглар!" – деган буйруқ бўлди. Эшик очилди. Кўзлар қуёш нуридан қамашди. Йигитлар машинадан аранг сакраб тушишди. Нормуроднинг ҳам боши айланиб кетди.

Улар қандайдир чорва қўрғонига ўхшаш номаълум ҳарбий лагер ичига келиб қолишганди. Ҳалиги салла-чопонли киши ўзини Оллоқул қори деб таништирди ва янги келганларнинг "Муборак қадамлари" билан қизғин қутлади. Теварак-атрофда бўлса ингичка қора соқолли, аммо мўлаби қиртишлаб олинган, афғонча тегарак бош кийим кийиб олган аллақандай бадбашара, ярим ҳарбий одамлар ҳам уларни катта қизиқиш ва синчковлик билан кузатишар, баъзилари тушунарсиз тилда уларни масхара қилишмоқда эди. Чунки йигитлардан 3–4 нафари ўқишга келаётганлари учун чиройли кийинишиб, галстук ҳам тақиб олишганди. Бир четда бир гала лашкарлар ерда чордона қуриб ўтиришар ва ҳеч ким билан ишлари бўлмагандек зўр бериб қарта ўйнашарди. Уларнинг ҳам наша чекиб ўтирганлиги яққол кўриниб турарди.

Оллоқул қорининг нигоҳи сирли ва ўткир бўлиб, ҳаётнинг ҳали аччиқ-чучугини тотмаган йигитларни ўзининг сўзамоллиги билан тезда маҳф эта олди. У қироат билан маъруза қиларкан, маърузанинг айрим сўзларига алоҳида урғу берар, ўзи гўё роль ижро қилаётган театр артистларига ўхшаб кетарди. Қўлидаги тасбеҳ доначалари ҳам нутқ овозига монанд бир-бир шиқиллаб ўтиб турарди:

– Аллоҳнинг мўмин бандалари! Аввало ўқув даргоҳимизга иншооллоҳ хуш келибсизлар! Бугундан эътиборан сизлар муборак исломнинг шарафли ҳимоячилари сафидадурсизлар! Сизларнинг вазифангиз нималардан иборат? Сизларнинг вазифангиз ислом илмини чуқур эгалламоқлик, илло, кофирларга қарши жиҳод қилмоқлик учун жисмингизни тайёрламоқликдур! Бу ерга сизлар ана шу мақсадда сабоқ олмоқ учун келдингиз. Қани омин! Илоҳим, пойи қадамларингиз қутлуғ келган бўлсун! Аллоҳ берган жисму танингизни яна Аллоҳга бахшида қилмоқ ниятинда қилган қарорларингиз муборак бўлсун! Аллоҳ сизларни ўз паноҳида асрасун! Облоҳу акбар!

Карахт бўлиб қолган йигитлар қандай қилиб қўл очиб фотиҳа қилиб юборганларини ўзлари ҳам сезмай қолишди. Шундан сўнг, басавлат, хўппа-семиз, қорасоқолли, ола-була ҳарбийча кийим кийиб олган киши нигоҳларини чақчайтириб сўз бошлади:

– Мен, мана шу лагернинг бошлиғи полковник Жўра Журжоний бўламан! Ҳозир Оллоқул қори жаноблари айтганларидек, санлар бугундан эътиборан муқаддас ислом лашкарлари сафига кириб келдинглар! Санларга шуни эслатиб қўймоқчиман. Бу ер катта холангни уйимас – махсус мактаб. Бу ерда муқаддас исломнинг буюк келажаги учун замин яратилмоқда. Тушундингларми?! Худо хоҳласа санлар, халифалик ўрнатилажак она – юртимизнинг бўлғуси ҳукмдорлари бўлиб етишасанлар. Санларга бу ерда энг кучли мураббийлар сабоқ беришади. Устозинглар Покистон, Арабистон, Афғонистон ва Чеченистондан келишган. Улар бу ерга кофирларга қарши жиҳод бошланган уруш ўчоқларидан таклиф қилинган. Шунинг учун билиб қўйларинг, машғулотларда ҳеч кимни аяб ўтиришмайди. Иншооллоҳ, худо хоҳласа, она Туркистон албатта, ягона халифалик ислом давлатига айланажак! – деди у ўз маърузасининг бу сафар бошқачароқ чиққанидан ўзича мамнун бўлиб: – Тушундингларми?!

– Тушундик! – дейишди йигитлар. Аммо жавоблар узуқ-юлуқ чиқди.

Журжоний шу пайт киссасидан бир тахлам АҚШ доллари чиқарди-да, йигитларнинг ҳар бирига муғомбирона қараш билан 200 доллардан пул тарқатди.

– Бу ҳали хамир учидан патир, чой пули холос. Жиҳод кунлари ҳар бир кунларинг учун 800–1000 доллардан нақд оласанлар! Чунки санлар энди камбағал оиланинг фарзандлари эмас, балки Аллоҳнинг суйган, унинг муқаддас йўлига ўз жонини тиккан, шаҳидлик йўлини танлаган бандасанлар! Хўш, Аллоҳ йўлида муқаддас исломни ҳимоя қилишга тайёрмисанлар?! "Тайёрмиз!" денглар, қани! "Тез!", деяпман. Ҳой, ман санларга айтаяпман! Нон-пон еганмисанлар, ўзи?! – Ўшқирди у жаҳл билан.

– Тайёрмиз!!! – дейишди йигитлар базўр.

– Бўлмаса ҳозир мен айтган иборани қайтарасизлар: "Ё Аллоҳ!" – дея қичқирди бошлиқ муштини баралла кўтариб.

– "Ё Аллоҳ!!!" – дея қичқирди йигитлар баравар.

– Ё Аллоҳ, ё жиҳод!!!

– Ё Аллоҳ, ё жиҳод!!!...

Бу жазавали бақир-чақир анча вақт давом этди. Бу тадбирлар билан йигитларнинг онги дастлабки руҳий тайёргарлик машқидан ўтганди.

Шундай сўнг, Жўра Журжоний ҳар бир машғулот ва олишувда "Ё Аллоҳ" – дея қичқириш кераклигини ва ана шунда Аллоҳ ўзи мададкор бўлишини алоҳида таъкидлаб, ҳарбий лагердаги ўзига хос ички тартиб-интизом ҳақида гапирди.

– Билиб қўйларинг сўфининг азони "подъём!" дегани. Санлар таҳорат қилиб улгуришларинг шарт! Таҳоратни биласанлар-а?

Йигитлар "Ҳа!" дея қичқиришди. Оллоқул қори "Баракалло..." деб қўйди...

– Бугундан бошлаб соқол олмайсанлар! Фақат мўйлаб қирилади холос. Ислом лашкари, шу белгиси билан ажралиб туради.

* * *

Йигитлар бошқа янгилар қаторида дастлаб алоҳида баракка қабул қилинишди. Лекин бир ҳафта ўтгач, уларнинг жисмоний соғломлиги ва бошқа кўрсаткичларига кўра тахминий гуруҳ сардорлари томонидан сараланиб, бошқа умумий баракларга бўлиб юборишди. Улар фақат таҳорат, намоз ва ҳарбий машғулотлар пайтидагина учрашишар, ўткир назорат ўрнатилганлиги туфайли ўзаро мулоқот қилишнинг ҳам деярли иложи йўқ эди.

Яшаш жойлари ҳарбий казармалардагидек эмасди. Балки, йигирма чоғли нашавандлар яшаётган димиққанхона бўлиб, ҳаммага биттадан кўрпача ва одеал берилди. Бу ёғи "ит ётиш-у, мирза туриш" бўлиб, йигитлар бир кечадаёқ ёввойи олам бағрига кириб келдилар.

Нонушта ва овқатланишлар ўша ётоқ жойларида – кимдир ўз ҳолича, баъзилар бўлса гуруҳ-гуруҳ бўлиб даврада қўл билан овқат тановул қилишарди. Баъзан зўравонлар ўртасида муштлашув ҳам бўлиб кетар, овқат қолиб кетиб тарафлар олишувига айланар, зўр чиққанлар овқат ейишар, калтакланганлар бўлса оғзи-бурнидан келган қонни артиб қолаверишарди.

Янги келганларга ярим ҳарбий, ярим афғонча уст-бош берилди. Улар эскилардан фақат соқолларининг ўсмаганлиги билан фарқланишарди. Лекин тез орада бу фарқ йўқола борди. Чунки, соч-соқол олиш қатъиян ман этилганди. Соқолини ўстирмаганлар, намоз ва машғулотлардан кечикканлар, гап қайтарганлардан амалий машғулотларда "душман" сифатида фойдаланишарди. Бундай ҳолатда устозлар муллаваччаларга "Мана бу олдимизда турган "душман"дан ўч олиб жиҳод қилмоқлик учун мана бундоқ қилмоқ керак" деб мушт билан уришни ёки ёғоч пичоқ санчишни кўрсатишар, сўнгра бошқалардан шу ҳолатни такрорлашни талаб қилишарди. Уни такрорлай олмаган ёки бунинг уддасидан чиқмаганлар ҳам гоҳида ўзлари "душман"га айланардилар. Гуруҳ жанги машғулотларида, яъни жангларда ҳеч ким аяб ўтирилмас, покистонлик ва чечен мураббийлар, айниқса аёвсиз эдилар. Улар шогирдларининг тилини тушунишмас, шу туфайли хорижий устозлар ўз сабоқларини амалий ҳаракатларда тушунтиришга уринишарди. Энг даҳшатлиси, бу ерда мусулмончилик сабоғи ва ислом илмини ўрганиш билан бир қаторда Қуръони каримда тақиқланган одам ўлдиришнинг турли-туман усуллари очиқдан очиқ ўргатиларди.

Қочиб кетишнинг ҳеч қандай имкони йўқ эди. Қочиб, қўлга тушганларга қандай азоб берилиши ҳар куни эслатиб туриларди. Яъни инсонни турли ҳолатларда осиб қўйиш, қон чиқармай азоблаш, саф олдида "Ё Аллоҳ" деб пичоқ билан бўғизлаш ва ҳоказо. Ўша кунлари қочоқлардан бири бўлган Одилжонни тутиб келишди ва уни атайин майдон ўртасида осиб қўйиб аямай савалашди. Ёш йигит бу фоний дунёни тарк этди. Ўлик сасигунича, уч кун осилиб турди... Бу ҳол Нормурод ва унинг ҳамфикр дўстларининг қалбида мужоҳидларга нисбатан нафрат ва қаҳр уйғотди.

...Энг "ёқимлиси", бу ерда тўйиб-тўйиб истаганча наша чекиш мумкин эди. Янги келган йигитлар тез орада "қолипга" тушиб қолишди. Улар руҳан синдирилиб, мажбуран бўйсундирилаётган, ота-оналарини, юртини ҳам унута бошлагандилар. Мужоҳидлар армиясига ана шундай бефаҳм ислом лашкарлари керак эди.

* * *

Алдов йўли билан Жирғатолдаги махсус ҳарбий лагерга келтирилган йигитларга дастлабки кунлари жуда оғир кечди. Нормуродга ҳам бу ёввойи муҳитга кўникиш осон бўлмади. Тайёрлов курсининг бунчалар уқубатли ва бемаъни бўлишини у хаёлига ҳам келтирмаганди. "Унинг ўй-фикрига фақат бир савол ҳукмронлик қилиб олганди: Бу азоблар қачон тугаркин? Мен кимман, ўзи?...".

Бир пайт Нормурод ўз-ўзига ана шундай сўнгсиз саволлар бериб, аммо жавоб тополмай, руҳан эзилган ҳолда бир лочин қуши парвоз қилаётган қорли тоғнинг чўққисига қараб хаёл суриб қолди. Унинг кеча тепки еган чап кўкраги ва автомат қўндоғи теккан ўнг қулоғи зирқираб оғрир, ўсиб кетган соқоли аралаш қулоғини кафтлари орасига қўйиб олганди. Бу пайтда, унинг орқа томонида одатдагидек сайр қилиб юрган икки мужоҳид зобит ўзаро суҳбатлашиб ўтиб боришарди. Уларнинг бири хиринглаб кулгандек бўлди. Нормурод уларга эътибор ҳам бермай ҳаёлга ғарқ бўлиб, ўз ёғига ўзи қовурилаётганди. Ортиқча гап-сўздан қочдими, ҳар ҳолда уларни кўрмаганга олди. Лекин тўсатдан орқа кураги ўртасига берилган кучли зарбадан оғиз-бурни баробар ерга қапишди. Пешонаси тошга тегиб кўзидан ўт чақнаб кетди. Кимдир унинг устига келиб оёқларини белига тиради ва ўзини тутолмай кула бошлади. Нормурод яна тепки ейишдан қўрқиб бошини тўсишга ҳаракат қилди. Кулаётган киши уни чалқанча ағдарди.

– Ту тожики, ё ўзбаки? – дея сўради у кулгидан ўзини тўхтатиб.

– Ўзбекман, – деди Нормурод аранг, пешонасидан сизилиб чиқаётган қонни кафти билан артаркан.

– Ортингдан келаётган хавфга нега бефарқсан? Нима учун ўзингни ҳимоя қилмадинг? Қанақа лашкарсан, ўзи?

Нормурод ўрнидан аранг қўзғалди ва тепасида турган икки мужоҳиднинг зобитлардан эканлигини, унинг хаёл суриб қолганини кўриб атайин "ўз-ўзини ҳимоя қила оладими-йўқми" деган фикрда синаб кўришмоқчи бўлишганини англади.

– Янгиларданмисан? – сўради иккинчи мужоҳид.

– Ҳа, – деб жавоб берди Нормурод ўрнидан тураркан уст-бошини қоққан бўлди.

– Ҳечқиси йўқ, ўрганиб кетасан, ҳадеб хаёл суравермай спорт билан шуғуллан, – деди у кулиб. – Қаерликсан ўзи?

– Ўзбекистондан, сарчинорлик...

Иккинчи мужоҳид негадир бир сесканиб тушди:

– Сарчинор дейсанми? Кимнинг ўғлисан?

– Нурмат аканинг.

– Нурмат муаллимними?

– Ҳа. Уни танийсизми?! – деб юборди Нормурод ҳайратланиб.

– Нима, сен ҳали мени танимадингми? – деди у саволга-савол билан.

Нормурод унинг афт-башарасига тикилди. Ўзига ярашиб турган қоп-қора соқолли бу йигитни у кимгадир ўхшатди, овози ҳам таниш эди. Лекин "Бу мужоҳид менинг отамни қаердан таниркин?.." деган ўй ўтди.

– Мен Раҳматилламан-ку, овсар. Олимжон аканинг ўғлиман-да!

Нормурод ҳамюртини учратганидан севиниб кетди. Баданидаги оғриқлари шу заҳотиёқ унутилди. У дадасининг жўраси Олимжон акани жуда яхши биларди. Унинг ўғли Раҳматилла билан болалигида бир-икки кўришганди. Раҳматилла Нормуроддан икки ёш катта ва ўтган йили политехника институтида ўқирди чоғи... "Бу ерга қандай келиб қолдийкин? Уни қамалди дейишгандику?!" – дея хаёлидан ўтказди Нормурод.

– Сиз бу ерга қаердан келиб қолдингиз?

– Ўқишни ташладим, – деди Раҳматилла қуруқ қилиб. – Энди сенга ўхшаб ўзимни Исломга бағишлаганман. Сен билан мени Аллоҳнинг ўзи учраштирди, худо деган бандалармиз-да, деб қўшиб қўйди у ғурур билан, – Сен ўзинг-чи? Уйдан қочдингми-а?

– Э йўғе, мен хорижга, Ислом университетига ҳужжат топширгандим, тайёрлов курсида ўқиш учун шу ерга олиб келишди.

Раҳматилла ҳайрон бўлиб шеригига назар ташлаб олди.

– Тушунарли, – деди шериги ва мийиғида сирли қилиб кулимсиради, – Сизга кейин тушунтириб бераман. Демак, ҳамқишлоқ экансизлар-да, оббо сизлар-ей! – деди у гапни буриб.

– Бу киши Саид.

Саид Нормуродга кулиб қўлини узатди:

– Узр, сени танимабман.

– Мен Нормуродман, ҳечқиси йўқ.

– Биз зобитлар барагида турамиз. Сен янги муллаваччалар билан бўлсанг керак-да-а? Хўп, майли, сардор билан гаплашиб сени ўз гуруҳимга олишга ҳаракат қиламан. Қишлоқдан яна ким бор?

– Карим.

– Қайси Карим?

– "Гузар" маҳалласидан, Абдусалом тегирмончининг ўғли!...

– Э, бўлди-бўлди. Униям оламан. Кароче, биров хафа қилса менга айтинглар, хўпми? Бунақа калтак еб юришни бас қилларинг. Ўз-ўзларингни ҳамоя қилишни ўрганинглар. Бўлмаса бу ерда асфаласофилинга кетишинг ҳеч гапмас. Ҳеч нарсадан қўрқманглар. Худо хоҳласа ҳали ҳаммаси яхши бўлади. Қочиб кетишни ўйлама, машғулотлардан кеч қолма. Мен ўзим санларни топиб оламан, – деди Раҳматилла. Сўнгра улар хайрлашиб кета бошлашди.

– Раҳмат, – деди Нормурод ҳимоячиси топилганидан мамнун бўлиб, – Раҳматилла ака, сиз билиб беролмайсизми, тайёрлов курси қачон тугаркин? Кейин бизлар қачон бу ердан кетамиз? – деб сўраб қолди ўсмоқчилаб.

Раҳматилла мийиғида кулиб қўйди:

– Сен бола энди ўқиш ҳақида, кетиш ҳақида ўйлама. Иншоллоҳ, худо хоҳлаган куни ўзи ҳамма нарса равшан бўлади. Қишлоқни ҳам, ота-онангни ҳам энди унут!...

– Нега?! – Ажабланиб сўради Нормурод.

– Ахир сен ўзингнинг жисмингни Исломга бағишлагансан, тўғрими?... Сени ота-онангмас, олло-таолло яратган. Улар бир сабабчи бўлишган холос. Шунинг учун, сен унинг йўлида хизмат қилишинг керак. Наҳотки, шу оддий нарсаларни ҳам тушунмасанг, галварс. Илминг етишмагани учун Аллоҳнинг амри билан шу ерда турибсан, малакангни оширяпсан-да, тушундингми?

– Ахир Қуръони каримда "одам ўлдириш гуноҳ" дейилган-ку! Бу илмнинг бизга нима кераги бор?

– Нима дединг?! Сен куфр кетма! – деди Саид гапга аралашиб, – Шуни билки, худонинг йўлида, ислом йўлида тўсиқ бўлаётган ҳар қандай кофирларга қарши жиҳод қилмоқлик – уни ҳимоя қилмоқликдир! Исломни ҳимоя қилиш бўлса ҳар қандай мўмин-мусулмон учун фарз. Шу туфайли, сен Исломни танладингми, энди унга ўзингни бахшида қилмоғинг керак.

– Тўғри, – дея гапга қўшилди Раҳматилла ҳам. – Ахир отанг муаллим-ку! У ўз ўғлини қаерга юбораётганини жуда яхши билган. Демак, отангга бир пайтлар худо ўғил берган бўлса, уни яна худога қайтиб беришга ихтиёр қилган ҳақиқий мусулмон бандаси экан...

Нормурод бу икки "ақли пешланган" чала муллалар ортидан анграйиб қараб қолди. Раҳматилла тўхтади-да, унга қарата яна қичқирди:

– Сен бунақа бемаъни хаёлларга бошқа берилма, ислом илмини чуқурроқ эгалла, қуролларни ишлатишни ўрган, ўзингни ҳимоя қилишни бил, тушундингми? Ҳали сен билан кўп ажойиб ишлар қиламиз, кўрасан, бойиб кетамиз! Қишлоққа қуруқ қайтмаймиз, бориб катта амалларни эгаллаймиз!

Нормурод баракда Раҳматилла ҳақида кўрган-билганларини Каримга шивирлаб гапириб берди. Карим ҳам бу хабардан танг қолди.

– Йўқ, менга бу нарсалар ёқмаяпти, бир илож қилиб бу ердан қочишимиз керак. "Бир бошга – бир ўлим" деганлар, – деди Номурод.

– Нима, ҳали ҳаётнинг аччиқ-чучугини кўрмай ўлиб кетаверамизми? "Бошга тушганини – кўз кўрар" деганлар. Сабр-тоқат қилишимиз керак, – деди Карим.

Нормуроднинг жаҳли чиқди. Шу пайт "Нормурод Тўйчиев ким?!" – деган овоз келди. Бу Журжоний котибининг югурдаги шапкўр Козим эди.

– Мен! – деди Нормурод ҳушёр тортиб.

– Котиб ҳузурига тез етиб бораркансан.

– Хўп бўлади!

– Нима бало, Раҳматилла бирор нима дедимикан-а? – деб сўради Карим ўйчан.

– У бизни ўз гуруҳига олмоқчи, шекилли. Лекин бунчалик тез, ҳайронман. Хўп, мен борайинчи...

Соседние файлы в предмете [НЕСОРТИРОВАННОЕ]