Добавил:
Upload Опубликованный материал нарушает ваши авторские права? Сообщите нам.
Вуз: Предмет: Файл:
fayl_Chayonlar_so`qmog`i.docx
Скачиваний:
3
Добавлен:
01.07.2025
Размер:
855 Кб
Скачать
☆

VII боб. Ватанга қайтиш

...Нормурод кўзини очди ва ўзини нариги дунёда деб ҳис қилди. Осмон кўм-кўк, беғубор эди. Унда бир калхат айланаётганди. Ёқимли шабада эсар ва у ўзи билан зира ҳидларини олиб келаётганди.

"...Жигиттер, журингдер, жунйбыз!" – деган аллақаёқдан овоз келди. Отлар кишнади, туёқлари тақиллади, арава ғилдирагининг ғирчиллаши эшитилди. Бу товушлар Нормуроднинг қулоғи тагида акс-садога ўхшаб элас-элас эшитиларди. У ҳали атрофда нима бўлаётганини англай олмаётганди. "Наҳотки, жаннат деганлари шу бўлса?" – дея гўё ўй сурарди у.

Шу пайт унинг назарида гўёки ер қимирлай бошлади. Ниманидир ушлаб қолиш учун нажот излади. Қўли бир тахтага илащди. Бир қўли бўлса, ёнидаги кимнингдир иссиқ бадани ва кийимига ёпишди, қўрққанидан уни маҳкам ушлаб олди. Ёнидан инграган овоз келди. "Бу нима, бу ким бўлди экан? Ер қимирлаяпти, ёрдам беринглар!" – деб бақира бошлади, лекин овози чиқмади. У баттар қўрқиб, терлаб-пишиб кетди. Ёнидан тахтанинг "тақ-тақ" овози ва кучлироқ ингроқ эшитилди. От пишқирди.

– Ота, аравани тўхтатинг, анави йигит кўзини очибди, – деди бир болакай.

Силкиниш тўхтади. Нормуроднинг кўз ўнгида бир қирғиз чол ва бир аёлнинг башаралари кўринди.

– Ўғлим, тузуквы? Эй аялдер, сут минен яғни ала келингиздер! – деб қичқирди у кимгадир, – Ма ўғлим, тура қол, манавини ичиб ол.

Нормуроднинг бошини кўтаришди.

Шундагина у томоғи бойланганини ва унга сариёғ қуйилган сутни ичкизишаётганини, ўзи бу ёрдам кўрсатаётганлар қаёққадир кўчиб кетаётган қирғиз оиласининг аравасида эканини англади. Ёнида боши ва чап қўли бинтга чирмаб ташланган бир ярадор ҳам ётган экан. Тезда аравани қиз-жувонлар ва болалар қуршаб олишди.

– Ич, ичиб ал, балам. Аман қалдинг, кўп жашайсын, – деди бир кампир уни папалаб.

– Қаерден бўласан, жигит? – деб сўради мўйсафид.

Нормурод гапирмоқчи бўлиб чиранди, овози чиқмагач ручка, қоғоз беринг, дея ишора қилди.

– Эй Жулдас, қоғоз билан қалам олиб кел... Мана, ёз!

– "Мен сарчинорликман, исмим Нормурод", – деб ёзди у катта-катта қилиб.

– Э, сен ҳам Сарчинорданми? – сўради у ҳайрон бўлиб ва "Нимайди?" – деган савол назари билан қараб турган Нормуродга ўзи жавоб бериб кетди.

– Ўтовга келаётсам олдимдан бир босмачи чиқиб қолди. Манави йигитни опичлаб олган экан, – деди у ярадорни кўрсатиб. – Мен қўрқиб кетдим, унинг автомати, гранатаси бор экан. "Отажон, қўрқманг, биз сизга тегмаймиз. Сарчинор қайси томонда? Кўрсатиб юборинг" – деди. Мен "Ана бу ёқда" деб Ўзбекистон тарафни кўрсатдим. У мана бу йигитни ерга ётқизиб қўйди-да, кейин ўша томонга қараб чўккалаб олиб йиғлади. Қўшилиб мен ҳам йиғладим...

Нормуроднинг хаёлига "Карим" деган сўз келди. У кўзидан ёш оқаётган чолнинг қўлларини ушлади. "У Карим эди. Ҳозир қаерда?", – дея бақириб сўрамоқчи бўлди, лекин томоғида кучли оғриқни ҳис қилиб, чурқ этолмади. Чолнинг йиғлаётганини кўриб, кампири ҳам йиғлаб юборди. Нормурод шошиб қоғозни беришларини сўради ва унга тезда "У Карим, менинг ўртоғим, у қаерда?!" – деб ёзди.

– Худо раҳмат қилсин, жойи жаннатда бўлсин, уни ўша сени осиб қўйишган қоратош яқинига кўмдик, – деди кўз ёшларини рўмолчаси билан артиб.

Нормурод Каримнинг ҳалок бўлганини эшитиб, афсусланди, лекин ўзининг ҳали ҳаётлиги ва яхши одамлар қўлида эканлигидан тангрига шукроналар қилди.

"У қандай ўлди?" – ёзиб сўради Нормурод.

– Вертолётлар келиб қолишди. Мен унга "қочинглар, отади!" дедим. Ўзим манави болани судраб тошларнинг тагига яшириндим. У бўлса Сарчинор тарафга қараб сажда қилаверди. Кейин қуролларини ерга ташлаб вертолётга бағрини очиб берди. Уни отиб ташлашди. Мен унинг олдига чопиб бордим. Бола жон беряпти-ю хурсанд эди: "Отажон, ўқ бегона эмас, ўзимизники", деди-ю...

Чол ортиқ гапира олмади. Аравадан нари кетди. Нормуроднинг кўзидан ҳам тирқираб ёш оқа бошлади. "Эҳ Карим, Карим. Нималар қилиб қўйдинг", – деди у фикран. Шу пайт ёнида ётган ярадор унинг қўлини тимирскилаб топиб маҳкам қисиб қўйди. Бу ҳамдардлик белгиси эди.

– Мен Аҳрорман, – деди у зўрға.

Нормуродга ғойибдан ғайриоддий куч келди ва ўрнидан туриб ўтирди. У дўсти Каримни йўқотганлигини ўйлаб бир томондан қайғурса, иккинчи томондан Аҳрорни омон кўриб шодланди. У ярадор ўртоғининг қўлини маҳкам қисиб ҳайқириб бақиргиси, "дод" дегиси келди. Лекин...

– Бизларни қаёққа олиб кетишяпти? – деб қоғозга ёзиб сўради Нормурод ўзини босиб олгач.

– Сўхга. Ўзлари Ҳайдарконга қараб қочиб кетишяпти.

– Қаерингиздан яраландингиз? – деб сўраб ёзди Нормурод.

– Қўлим, биқиним, кейин бошим, – деди у аранг. – Ўша аблаҳ чечен сени осиб қўйгач, бизга қараб ўқ узди.

Нормуроднинг кўз ўнгида Довудбекнинг башараси намоён бўлди. "Аблаҳ, итэмган", – дея ичида ғижиниб қўйди у.

– Кўнглинг тўқ бўлсин, Довудбекнинг ўзи ҳам ўлди. – деб қўйди.

– Уни ким ўлдирди?

– Қирғиз лашкарлари. Сени ҳам ўшалар қутқаришди.

– Мужоҳидларнинг гуруҳини бизнинг десантчилар, ҳам маҳаллий лашкарлар қисиб қўйишди. Бу ишларни Жапиев уюштирибди. Унинг ўзи Довудбекни отиб ташлади. Мени мана бу қочоқлар карвони олиб кетишаётганди. Йўлда Жапиевнинг одамлари сени ҳам қўшиб қўйишди. Бир аравага тушиб қолганимизни қара, тавба... Бўлмаса мингта арава бор..

Аҳрор Нормуроднинг қўлини қисиб қўйди.

– Ҳали ҳаммаси яхши бўлади. Дарёга етиб олсак, у ёғи ватанимиз, мана кўрасан, соғайиб кетамиз.

Нормурод ўзининг бошқа жойлари соғми-йўқми, текшириб кўрмоқчи бўлди. Оёқ-қўли ишлаяпти. Фақат боши ғувиллаб қаттиқ оғриётганди. У оҳиста ўрнидан туриб, аравадан тушмоқчи бўлди. Қирғиз чол уни кўриб тезда отнинг жиловини тортди. Билишича, у осиб қўйилган арқонни ўқ билан узишибди. У ерга қаттиқ йиқилибди. Боши яна шикаст ебди.

– Ҳой йигит, нима қилаяпсан, ётавер.

– Йўқ, пиёда юриб кўрмоқчиман, – дея ишора қилди у.

– Эҳтиёт бўл. Бошинг айланса яна ётиб ол, хўпми?

"Хўп, раҳмат" ишорасини қилди ва араванинг Аҳрор ётган томонидан ушлаб кета бошлади. Аҳрор унга самимий жилмайди. Бу табассумдан "Энди бизлар бир умр дўст бўлиб қоламиз", – деган маънони уқиб олиш қийин эмасди. Кўп ўтмай Нормурод энди аравани ушламай ҳам оқсоқланиб қадам ташлай бошлади. Унинг қалбида ҳаётга бўлган ишонч жунбиш урмоқда эди.

Мўйсафид йигитнинг ўзини яхши ҳис қилаётганидан кўнгли тўлди. "Фақат гапира олмаяпти. Ҳечқиси йўқ, бу вақтинчалик, тузалиб кетади ҳали" – дея кўнглидан ўтказди у, – "Бечора йигит азоб чеккан кўринади. Қизиқ, бу томонларга қандай келиб қолди экан-а?...".

* * *

Ниҳоят, тепаликдан орзиқиб кутилган оппоқ сувлари шарқираб, биллурдек жило бериб оқаётган Сўх дарёси кўринди.

Чол Нормуродни ўзига чорлади-да дарёни кўрсатди:

– Биз соҳилдан Сўхга томонга юрамиз. Агар хоҳласанг сен дарёни кечиб ўтавер. У ёқда катта асфальт йўл бор. Ўша йўлдан озгина юрсанг, Чўнғара қишлоғи келади, машиналар кўп. Уйингга тез етиб оласан.

Улар соҳилда хайрлашдилар. Чолнинг исми Тиркаш бўлиб, Ҳайдаркондаги акасиникига оиласини олиб кетаётган экан. Ҳаммаёқ тинчиса яна Боткенга қайтиб келишармиш. Аҳрорни бўлса Сўхдаги ҳарбий қисмларига топшираркан. Демак, уни госпиталга олиб кетишади. Нормурод Тиркаш амакининг барча оила аъзоларига қўлини кўксига қўйиб, чуқур миннатдорчилик изҳор қилди ва Сўх дарёсини кечиб ўта бошлади. Саёз, лекин суви ёйилиб оқаётган дарёнинг нариги соҳилида ҳақиқатдан ҳам катта йўл бўлиб, уни Нормурод яхши биларди. У кечувнинг ўрталиғига борганида йўлда – секинлик билан баландликдан тушиб келаётган "Камаз"га кўзи тушдию машина томон сувларни шапирлатганича чопиб кетди...

* * *

Нурмат ака билан Саидакбар майин шабада елиб турган адир тепаликлари оша Ўзбекистон чегаралари сари унсиз боришаркан, жимликни аҳён-аҳёнда Нурмат аканинг йўтали бузиб қўяр, у қувватсизлигидан судралиб, ҳадеб ортда қолиб кетаётганди. Йўл бошлаб бораётган ва сумкани кўтариб олган Саидакбар эса анча олдинлаб борарди. У бетоқат бўлиб мўйсафиднинг секин қадам ташлашига аранг бардош бераётганди.

– Тезроқ юрақолинг тоға, ватанингизга жуда оз қолди, – деди Саидакбар ниҳоят ўз тоқатсизлигини яшира олмай. – Чегарачиларнинг кўзи тушмай туриб ўтиб ола қолайлик.

"...Ватанингиз" сўзи Нурмат акани анча дадиллаштиргандай бўлди. У теварак-атрофга умид билан аланглади, лекин адир тепаликлари-ю, уларнинг юзида қовжираб, шабада елидан силкинаётган ўт-ўланлардан бошқа ҳеч нарсани кўрмади.

– Чегарачилар бирор нарса дермиди? Нега энди улардан қочишимиз керак? – деди Нурмат ака йўталиб олиб.

– Ҳа энди, бошни оғритишлари мумкин-да. Ёш-ёш болалар отаси тенги одамларни сўроқ-саволга тутиб турса яхши эмас-да. Хуллас, тоғажон, гап бундай, биз барибир чегарачиларга дуч келсак керак. Улар ҳужжатларни, кейин манави сумкани текшириб қолишлари мумкин. Сиз "Сумка меники, бола-чақаларга озгина совға-салом олиб кетяпман" деб айтинг, хўпми? "Нима мақсадда келувдингиз?" деб сўраб қолишса "қариндошларникига совуқ маъракага келувдим" денг.

– "Омонзодани кўмиб келяпмиз" десамчи?

– Ҳа, яшанг! Шундоқ дейилмаса "Нимага? Қаерга? Кимникига?" – деб бошимизни оғритишади-да, занғарлар.

– Хўп тақсир, нима десангиз шу, фақат мени эсон-омон ўз юртимга ўтказиб қўйсангиз бўлгани.

– Худо хоҳласа ҳаммаси яхши бўлади, ҳужжатларингиз жойида-ку!...

– Лекин ўғлимни кўра олмай кетаётганим яхши бўлмади-да...

– Ўғлингиз қаерда эди?

– Лагерда, Журжонийнинг қўлида эди.

– Нима дедингиз?! – деди Саидакбар унга "ялт" этиб қаради. – Ким эди ўғлингиз?

– Нормурод.

– Сарчинорликми?

– Ҳа! Нима, сиз уни танийсизми?!

Саидакбар ўйланиб қолди: "Нега ўғлини бу кишига кўрсатишмади экан? Бир гап борга ўхшайди...".

– Э, йўқ, бир кўргандай бўлувдим шекилли..., – деди Саидакбар мужмаллик қилиб.

– Қаерда?! – деб сўради мўйсафид бетоқат.

– ...Янги келганларида Душанбе аэропортида бир суҳбатлашиб қолувдик. Улар кўпчилик эди. Ўқишга келишган экан, шекилли.

– Ҳа-ҳа, улар хорижга Ислом университетига боришмоқчийди, лагерда тайёрлов курсидан ўтадиган бўлишганди.

– Сиз у ерга бордингизми?

– Ҳа, уларни ҳижрат сафарига жўнатишганмиш.

Саидакбар мўйсафид билан эҳтиёт бўлиб гаплашиш кераклигини ва Раҳматилла атайин ўзини танитмаслик учун уни кузатувчи қилиб жўнатганини англади.

– Ҳечқиси йўқ, ўғлингиз ҳали ўқишларни битириб қайтса, тўйлар қиларсиз, бизларни тўйга айтарсиз, тоғажон...

– Худо хоҳласа, албатта борасизлар... Ўзбекистонга ҳали узоқми, ҳеч йўлимиз кўпаймаяпти-да.

– Йўқ, анави тепаликдан кейин адирлар тугайди. Кейин бир километрча юрсак асфальт йўл келади. Ўша йўл Ўзбекистонники – давлат йўли, – деди Саидакбар гап ниҳоят бошқа мавзуга ўтганлигидан мамнун бўлиб.

Тепаликдан ҳам ўтишди. Уларнинг кўз ўнгида ям-яшил текислик намоён бўлди. Узоқ-узоқларда машиналар қўнғизлардай ўрмалашар, далалардаги меҳнаткаш одамлар бўлса, чумолидай ғимирлашар, гўё осмонида осойишталик ҳукмрон бўлган Ўзбекистон бағрини кенг очиб турарди.

Нурмат ака буни кўриб қувониб кетди. Баданларидаги оғриқни унутди. Ёш боладай пастлик сари югургилаб кетгиси ва тезроқ ватан тупроғига етиб олишни хоҳлаб Саидакбарни ҳайрон қолдириб тез-тез юриб кетди. Лекин аллақаёқдан келган "Тўхтанглар!" деган овоздан бир сапчиб тушиб, таққа тўхтади. Чегарачилар экан. Салом-аликдан сўнг Саидакбар айтгандай ҳужжатларни талаб қилишди.

– Сумкада нима бор? – сўради уларнинг бирови.

– Ҳа, бола-чақаларга совға-салом дегандай, – деди Нурмат ака хотиржам ва Саидакбарнинг қўлидан олиб очди-да бир салафан халтада майиз-туршак чиқариб, аскар болаларга узатди.

– Йўқ, тоғажон, раҳмат! – деди уларнинг бирови.

– Бемалол олаверинглар, менинг ўғлим ҳам сизларга ўхшаган ўктам йигит.

– Тожикистонга нима мақсадда борган эдингизлар?

– Совуқ маъракага, – деди Саидакбар.

– Ҳа, бир қадрдонимизни отиб қўйишган экан, исми Омонзода эди раҳматли, – деди Нурмат ака самимий.

– Нега божхона постидан ўтмадиларинг? – деб сўради чегарачиларнинг бирови.

– Ахир у томонлар нотинч эмиш. Ибод дегани билан Қодир деганлари бир-бири билан жиққамушт бўлишаётганмиш, боргани қўрқдик, – деди Саидакбар.

– Ҳа, тўғри, – деди чегарачиларнинг бири, бизда ҳам шунинг учун вазият кучайтирилган.

– Тожикистонда аҳвол жуда оғир экан, мен ҳам бир ўлимдан қолдим, Ширкент дарёсида ўликлар оқаётганини кўрдим.

– Хўп Карим ака, Нурмат ака, сизларга оқ йўл. Бу сафардан кейин албатта божхона постидан ўтинглар, хўпми? Бошқа бу ерлардан юрманглар! – деди чегарачилар сардори паспортларни қайтиб бераркан. – Сарчинорга яхши етиб олинглар, ҳамқишлоқ экансизлар-да-а?

– Ҳа-ҳа, раҳмат! Сизлар ҳам хизматни яхши ўтказинглар. – деди Саидакбар.

Чегарачилар нари кетишди.

– Сизни "Карим" дейишаяптими?

– Э-ҳа, ҳужжат бўйича "Карим", лекин мени болалигимдан "Саидакбар" деб чақиришга ўрганишган-да.

– "Ҳамқишлоқмисизлар" дейдими?

– Э айтаверади-да, ёш болалар нимани фарқига боришарди. Бундай пайтда "Хўп" дейсизу, кетаверасиз-да, отахон.

Ватан тупроғига қадам қўяётгани учун кўтаринки руҳ пайдо бўлган Нурмат ака "Карим" ҳақида бошқа суриштириб ўтиришни эп кўрмади. Аслида эса Саидакбар қўлидаги ҳужжат ҳақиқатдан ҳам Нормуроднинг ўртоғи Каримники бўлиб, фақат сурати алмаштирилиб қалбакилаштирилганди. Бу ҳолат кейинчалик криминалистика бўлимида аниқланади.

Улар ниҳоят ўша орзу қилиб интилган Денов йўлига чиқиб олдилар. Саидакбарнинг ишораси билан бир "Дамас" келиб тўхтади ва ҳайдовчи йўловчиларга синчковлик билан тикилди. Саидакбар атайин унинг шубҳага бормаслиги учун яшил паспортларни қўлида ушлаб турарди.

– Қаерга борасизлар?

– Деновга, кейин Тошкентга.

– Ҳужжатлар жойидами?

– Ие, ока, уялтирвотсиз-ку! – минғирлади Саидакбар атайин тошкентча шевада.

– Чиқинглар, – ҳайдовчи хотиржам бўлиб, – Ҳар бирларингга минг сўмдан бўлади.

– Хўп ока, от билан туя эмас экан-ку!

– Қаердан келяпсизлар?

– Тепалик орқасидан, – деди Саидакбар Тожикистон томонни кўрсатиб, – бир қариндошимиз қазо қилган экан.

– Бу ерлар қаерга қарайди, ўғлим? – деб сўраб қолди Нурмат ака ҳайдовчидан.

– Худога шукурки, Ўзбекистонга! – деди ҳайдовчи ғурур билан ва радионинг мурватини бураб, бир мумтоз қўшиқни топиб, баландлатиб қўйди.

– Э, хайрият-е! Худога минг қатла шукур! – деди муаллим ва кўзларидан беихтиёр бир неча ёш томчилари думалаб тушди.

У қўшиқ оҳангига берилиб бораркан, ўзини озод бўлган қушдек эркин ҳис қилди. Ватаннинг нақадар азизлигини, ҳаётнинг нақадар гўзаллигини ва осойишталикнинг қадр-қимматини у бутун вужуди билан ҳис қилди. Лекин сарсон юрган ўғлини эслаб юраги сиқилди. Афсус, уни кўра олмади. Шунча сарсон бўлди. Ҳаёти хавф остида қолди. Бир соат аввал қаерда эди-ю, ҳозир қаерда?... Ўша бир соат олдин ўлиб кетиши ва ўлиги Омонзодага ўхшаб қайсидир гўрларда ёки кафансиз қолиб кетиши ҳам мумкин эди. Уни ҳеч ким тополмасди ҳам...

У охирги воқеаларни бир-бир кўз олдига келтирди. Қоронғу, зах ҳидли хонада совуқдан тукларигача дилдираб чиқишлари, хавотирлик, қўрқув ва ниҳоят озодлик, ниқобли кишилар... Нурмат ака шулар ҳақида эсларкан, юраги сиқилди. Ўпкаси тўлиб кетди. Ич-ичидан тўхтамай йўтала бошлади. Бели ва оёқларида қаттиқ оғриқни ҳис қилди. Оғриқлари гўё уни эркинликка чиқишини кутиб тургану энди душман каби ғиппа томоғидан олаётгандай эди.

– Ҳа, тоға, мазангиз йўқми дейман-а? – сўради ҳайдовчи йўталаётган ҳамроҳига қараб қўяркан.

– Ҳа, шамоллаб қолганга ўхшайдилар, – жавоб қилди Саидакбар унинг ўрнига.

– Уйингизга етиб боргач, ўзингизни албатта дўхтирга кўрсатинг, – маслаҳат берди ҳайдовчи.

– Ҳа албатта, раҳмат ўғлим! – дея олди Нурмат ака базўр.

У тобора ҳолдан кетиб бораётганди ва Деновга қачон кириб келганини пайқамай ҳам қолди. Бир пайт Саидакбар ҳамроҳининг елкасига туртиб ўзига келтирди.

– Туша қолинг, тоға, бирга тамадди қиламизда, кейин сизни Тошкентнинг машиналаридан бирига чиқариб юбораман.

Мўйсафиднинг қуввати кетган, қорни оч бўлса-да, томоғидан негадир овқат ўтмади. Баданидан ички бир титроқ келар, ўқчиб-ўқчиб йўталарди. У чой ичиб тургунича Саидакбар киракашни гаплашиб келди ва олдига хурсанд қайтди.

– Ана бўлди, ҳув анави оқ "Жигули" сизга мунтазир. Яхши боринг, уйдагиларни сўранг, ҳа айтмоқчи, сумкангизни эҳтиёт қилинг. Уни ҳар ерда қолдириб кетманг-а. Омонатда-омонат, бировнинг нарсаси, ахир.

– Ҳа-ҳа, мен уни Тошкентга олиб бориб эгасига топшираман, албатта...

Машинага яна уч йўловчи олинди. Бу орада Саидакбар бошқа машиналар олдида ҳам нималарнидир сўраб юрди. Ниҳоят машина жўнайдиган бўлди. Саидакбар Нурмат ака билан қучоқлашиб хайрлашди ва унинг уст-бошидан келаётган аллақандай ҳиддан беҳузур бўлди.

– Яна дийдор кўришгунча, тоғажон! – деди бурнини тўсиб оларкан.

– Раҳмат сизга, соғ бўлинг, саломат бўлинг. Юртимиз тинч бўлсин, инсонийлигимиз йўқолмасин, илоҳим. Бола-чақангизни орзу-ҳавасини кўринг, қилган яхшилигингиз мендан қайтмаса худодан қайтсин!

Улар ёш йўловчилар билан бирга фотиҳага қўл очишди. Машина жойидан қўзғалди. Нурмат ака орқа ўриндиқда сиқилиб ўтириб, сумкани оёқлари орасига олволганди. Мазаси йўқлиги, оғир толиққанлиги ва қувватсизлиги туфайли тезда пинакка кета қолди, лекин бу маҳалда изма-из яна бир "Волга" машинаси йўлга чиққанидан ва унда Саидакбарнинг бир ўзи орқа ўриндиқда ёнбошлаб келаётганидан бехабар эди.

"Жигули"даги йўловчилар асосан ёш-ёш талабалар бўлиб, улар машина юраётганидагина ўтиришганди ва қўзғалганларидан сўнггина салондаги бадбўй ҳидни туйдилар. Ҳатто, ҳайдовчи ҳам буни кутмаганди. Неча кунлаб қамоқда ювинмай ўтириш... ўз ишини кўрсатган, Нурмат аканинг мазаси қочган, унинг уст-бошига зах ва ёқимсиз ҳид ўтириб қолганди. Бу ҳолат аввало орқада ўтирган талабаларни безовта қила бошлади.

– Ака, тўхтатинг! – деди улардан бири бурнини беркитиб.

– Ҳа, тинчликми? – сўради ҳайдовчи ҳеч нарса сезмагандай.

Машина йўл четига тўхтади. Икки талаба ундан сакраб тушишди. Бирови чуқур нафас олди.

– Нақадар гўзал бу ҳаёт!

Иккинчи йигитча ҳам "Ҳа!..." дея ҳазиллашиб энтикиб қўйди.

– Ака, ахир бунақада Тошкентгача бўғилиб ўлиб қоламиз-ку! – деди бирови машинадан тушиб келган ҳайдовчига.

– Нима бўлибди? Ойналарни очиб кетамиз. Мениям отам шу кишига ўхшаган чўпон.

– Э, йўқ, ака, тўғри келмайди. Айтган пулингизни тўлаяпмиз-ку!...

– Ахир ўзингиз тушунинг-да, – деди иккинчи йигит ҳам.

Ҳайдовчи нима қиларини билмай ҳайронда қолди. Бу орада учинчи йўловчи ҳам тушиб келди. Мўйсафид эса, парвойи палак уйқуга кетган, бу етмаётгандек варанглатиб хуррак ҳам отаётганди...

Талабалар билан ҳайдовчи узоқ тортишишди. Ниҳоят уларнинг бири қарши тарафдан келаётган микроавтобусни тўхтатди. Уни кўриб ҳайдовчининг жаҳли чиқиб кетди ва тўсатдан микроавтобус ҳайдовчисига дағдаға қила кетди:

– Агар мана шу болаларни олиб бир қадам юраркансан, кунингни кўрсатаман!

Микроавтобус ҳайдовчиси ор-номусли бақувват киши эди. Кутилмаганда эшитган бу гаплардан тутаб: "Мен билан сенинг нима ишинг бор!" – деб ёқалашиб кетишди. Энг ёмони, микроавтобусчи боксёр экан шекилли, бир уриб киракашни нокаут қилди-қўйди. "Жигули" ҳайдовчиси йўл ёқасида беҳуш ётиб қолди. Талаба болалар ишнинг бу томонга айланиб кетганидан ҳангу манг бўлиб қолишди.

"Волга"да ўзича ҳузур қилиб ёнбошлаб келаётган Саидакбар йўлдаги бу баҳсга кўзи тушиб довдираб қолди.

– Э, тўхтатинг! Тинчликмикин?

Машина жанжалкашларни оралаб ўтиб олдинга тўхтади. Бу пайтда талаба йигитлар беҳуш ҳайдовчини ўзига келтириш билан овора эди. Аксига олиб шу пайт тўсатдан қарши тарафдан ДАН машинаси ҳам келиб қолди...

Хуллас, ҳайдовчиларнинг ҳужжатлари олинди. Талабаларнинг ҳам ҳаммаси гувоҳ бўлиб Денов тумани ИИБ бўлинмасига равона бўлишди. Албатта "хуррак отар киши" ҳам бу дунёнинг ишларидан бехабар, машина ичида қолиб кетди. Фақат рулни бир милиционер бошқариб борди. Воқеаларнинг бу алфозда ривожланиб кетганидан Саидакбар ташвишга тушиб қолди. Бунинг устига "Оббо жўжахўрозларей" – деб қайтиб келган "Волга" эгаси рулга ўтириб машинани жадал ўт олдирганида Саидакбар "дод" деб юборай деди:

– Тўхтанг, илтимос!

– Ие, нега ака, йўлимиздан қолмайлик, узоқ йўл ахир.

– РАФнинг ҳайдовчиси менинг бир қариндошимга ўхшайди-да!

– Нега тушмадингиз бўлмасам?

– Танимабман-да... Жанжал нимадан чиқибди, ўзи?

– Ким билади. Икков ҳайдовчи ниманидир талашиб қолишибди-да, кетдикми?

– Орқага ҳайданг, илтимос. Ҳаққингизга қўшиб бераман.

– Ие, унақа эмас-да, ака. Мен ҳали Тошкентга бориб, яна қайтиб келишим керак.

– Мен хижолатпазлик билан қандай кетаман, ахир!

– Уф-ф... – деди ҳайдовчи ортга қайтаркан. – Энг ёмон нарса – бу йўлдан қайтиш. Нимага тўхтадим ўзи?..

– Мелисахонага ҳайданг. Ҳойнаҳой улар ўша ерга кетишган бўлишса керак.

– Нима, энди мелисахонама-мелисахона юрамизми? – тўнғиллади ҳайдовчи кесатиб.

– Бўғилманг, ҳаққингизни икки баробар тўлайман.

– Ортиқча пулингиз керакмас, ака. Йўлдан қайтиш ҳосиятсиз бўлади, дейишади-да!

Улар бўлинма олдига етиб боришгач, Саидакбар тезлик билан "Жигули" ичида ухлаб ётган "ҳамроҳи"га кўзи тушди ва уккиникидай нигоҳи билан сумкани излади. Эшикни очиб аста олмоқчи эди, талабалардан бирови чиқиб қолди. Саидакбар ўзини машина олдидан нари олиб, гўё улардан хавотирда орқаларидан келганини айтиб, нима гаплигини билиб олди..

– Хуллас, яна бир йўловчи оламиз – деди у "Волга" ҳайдовчисининг олдига бориб. – У киши орқада ётиб кетади, мен эса олдинда кетаман. Ҳаққини мендан олаверасиз. Фақат сиздан илтимос, у кишини мазаси йўқроқ экан. Олиб келиб ўзингиз ётқизиб жойлаштирсангиз, савоб бўларди.

Киракашга бу гап хушёқди. Нурмат акани авайлаб олиб келиб ётқизаркан, сумкани болиш қилиб берди ва чопонини устига ёпиб ётқизиб қўйди. Саидакбар ҳам гўё ўзини ота атрофида парвона бўлгандай кўрсатиб, унинг сумкасини баландроқ қилиб қўйди.

– Синадиган нарсаси йўқмикин, ишқилиб, – деди Саидакбар кулиб, – Хўп бизлар жўнадик, сизлар "Жигули"да ортимиздан етиб оларсизлар. Йўлдан духи сепган бирор жононни олволинглар, хўпми?

Йигитлар кулишди. Умумий кайфият кўтарилди. Ҳайдовчи яхши мусиқани топиб қўйди. Саидакбар машина ойнаси тагида турган киракашнинг қора кўзойнагини ҳар эҳтимолга қарши тақиб олди.

...Ниҳоят Тошкент шаҳри азимга етиб келишди. Нурмат ака етиб келгунича ўрнидан турмади, балки ўқчиб-ўқчиб йўталиб келди. Машина Чорсу бозори дарвозаси олдига келиб тўхтади. Саидакбар икки киши учун ҳисоб-китоб қилди.

– Раҳмат ака, мана бу кишини уйғотиб юборинг, фақат сумкасини унутиб қолдирмасин, хўпми?

Ҳайдовчи Нурмат акани қўзғатаётган пайтда Саидакбар кўздан ғойиб бўлган, у Аҳмадхўжани қидириб кетганди.

* * *

"Эскижўва" (Ҳозирги "Чорсу") ўзининг салобати билан Тошкентдаги бошқа бозорлардан ажралиб туради. Бу ажиб савдо гузари не-не даврлар ва одамларни кўрмади, тарихий воқеаларни гувоҳи бўлмади, дейсиз. Бозор шаҳарнинг қоқ марказида жойлашганданми, транспорт, ҳатто метронинг қулайлигиданми, доимо гавжум ва файзли кўринади. Ҳазил қилиб айтганда бу ерда "анқо"нинг уруғи ҳам, қуруғи ҳам топилади ёки бўлмаса, кўнглингдан ўтган бирор танишинг тўсатдан олдингдан рўбарў келиб қолганини ўзинг ҳам сезмай қоласан...

Улкан "Тўнкарилган қозон" тагида турли-туман рўзғорбоп зираворлар сотилади. Одинахон ҳам шу ерда савдо қилади. У ўзининг Қўқон шевасида "келсинлар", "олсинлар" дея каттаю кичик харидорларга ўта хушмуомалада илтифот қилиши, қалин қошларини чимириб доимо кулиб туриши, серғайрат ва чаққонлиги билан бошқа сотувчилардан фарқланиб туради.

– Мана, марҳамат қилсинлар. Зиранинг зўри бор. Боткеннинг Қорабулоқ деган жойидан келтирилган. Адашмасинлар, – дейди у навбатдаги харидорга одатдагидек сўзлаб қўлига бир чимдим хушбўй зирани тўкаркан, – Ҳидлаб кўрсинлар, арзонгина... Қанча оладилар?

Бугун ҳам Одинахоннинг қўли-қўлига тегмасди. У бурро тили билан харидорлар эътиборини жалб қилиб, бировга зира, бошқасига ҳар хил зираворларни чаққонлик билан ўраб бераркан, унинг бу ҳаракатларини бир четда зимдан кузатиб турган унниқан уст-бош кийимли нотаниш кишига ҳар замонда нигоҳ ташлаб қўярди.

Нотаниш одам жуда ҳорғин кўринарди. Кўзларидаги сезилиб турган ғам, пешонасидаги қаватлашган ажинларидан, оқ аралаш соқолининг анчадан буён олинмаганидан девонасифат бўлиб кўринар, кам қувватлигидан пештахтанинг бир четига суяниб базўр турарди. "Қизиқ, бу киши ким бўлдийкин?" дея Одинахоннинг кўнглидан ўтди. "Илгари кўрмагандим. Ё довон ошиб келган бирор қариндошларимданмикан-а?".

Негадир эслолмади. Савдосини давом эттираркан, эрининг узоқ қариндошларидан билганларини ҳам бир-бир кўз ўнгига келтириб чиқди.

Ниҳоят, харидорлар сийраклашгач, нотаниш кишининг ўзи Одинахоннинг олдига оҳиста яқинлашди:

– Қизим, зира қаерники дедингиз?... – сўради у титроқ қўлини халтача томон беҳол узатаркан.

– Вой, ассалому алайкум отахон, келсинлар! Мана, кўрсинлар. Боткенники, "Қорабулоқ" деган жойдан бир қирғиз танишим доим олиб келиб бериб кетадилар.

Бу Нурмат муаллим эди. Унинг кўзлари "ярқ" этгандай туюлди. Ота зирани кафтларига оларкан, негадир ранги "қувв" ўчди. Қўлларига қўшилиб энди қуришиб, ёрилиб кетган лаблари ҳам титрай бошлади. Чимдим зирани у қандайдир ички бир изтироб билан димоғига олиб борди ва кўзларидан бир томчи ёш думалаб тушди. Ҳамиша хушчақчақ Одинахон бу нохуш ҳолатни сезиб қолди ва ҳушёр тортди. Сўнгра чаққонлик билан йўлак томон айланиб ўтди-да, отахоннинг қўлтиғидан олди.

– Вой отажон, сизга нима бўлди, бетобмисиз? Қани юрсинларчи... Чой бераман.

Одинахон уни аста етаклаб сотув пештахтаси ортига олиб ўтаркан, бу киши одатдагидек гадойлик ёки мастлик қилиб юрадиганлар хилидан эмас, балки бошига бирор мушкуллик тушган мусофир эканлигига ишончи комил эди.

Одинахоннинг ёнидаги ҳамсоя сотувчи аёллар ҳам бу ҳолатга бефарқ қараб турмадилар. Бири кўрпача, бири қоп тўшаб мўйсафидга жой ҳозирлаб беришди. Қўлидаги бозор халтани олиб қоплар оралиғига қўйиб қўйишди. Мўйсафид иссиқ-иссиқ чой хўплади, бир тишлам нон ва бир дона узумдан еган бўлди, сўнгра аёлларга миннатдор боқди. Лекин беҳол бўлиб кўзлари юмилиб кетаверди. Аёллар уни қопга суяб қўйдилар. У мизғий бошлади.

– Бечора, узоқ йўлдан келган кўринадилар, – деди аёллардан бири ачиниб.

– Майли, бир оз дам олиб, ўзларига келиб олсинлар, – деди Одинахон ўз ишини давом эттираркан, кўнглидан ҳар хил фикрлар ўта бошлади. "Қизиқ, бу кишига зира нега бунча таъсир қилди экан-а?". У мўйсафиднинг чеҳрасига яна бир разм солди "Раҳматли отамга ўхшаб кетарканлар" деган фикр хаёлидан ўтди.

– Бу ҳаётда нималар бўлмайди дейсиз, Одинахон, – деди Салима исмли қўшни сотувчи аёл бир хўрсиниб оларкан, – Бирор ташвиш билан юргандирлар-де. Яхши қилдингиз, савоб бўлади.

– Ануви Кунсулув деган қирғиз эже бор эди-ку, ҳар ой зира олиб келардилар. Анчадан буён келмай қолдилар-да...

– Боткен нотинчмиш-ку, ахир! Йўллар тўсиқ бўлса керак-да.

– Ҳа-я! – деди Одина ёдига тушиб, – Ишқилиб соғмиканлар?! Нотинчлик ёмон-де, осойишталикка не етсин.

– Ҳа, нимасини айтасиз, аскар болаларга ҳам қийин бўлди.

– Менинг жияним Аброрниям Чирчиқдан Сўхга олиб кетишганмиш. Ишқилиб, тинчлик бўлсин-да..., – деди Одинахон дилидагини яшира олмай навбатдаги харидор билан мулоқотини давом эттирди.

* * *

"Чорсу" милиция таянч пунктининг профилактика инспектори капитан Юсупов ёрдамчиси сержант Саидов билан бозор расталарини оралаб, паспорт режими бўйича суриштирув ишларини олиб борардилар. Чунки бозорга ҳар хил одамлар не мақсадларда келишади. Бу ерда баъзан қидирувдагиларга ҳам, ғараз ниятли кишиларга ҳам ва ҳатто қўшни давлатлардан ноқонуний келиб қолган кимсаларга ҳам дуч келиш мумкин.

Милиционерларнинг назари қопларга суяниб беҳол ёнбошлаб мизғиётган ва баъзида калта-калта йўталиб қўяётган ўрта ёшли кишига тушди.

– Одина опа, бу киши ким бўлди? – деб сўради инспектор бир оз шубҳа билан зирафуруш аёлдан.

– Ҳа, бу кишими? Бир мусофир экан, толиқиб мазаси қочиб қолибди, "савоб бўлади" деб чой берувдик, ухлаб қолдилар.

– Ҳужжатлари бор эканми?

– Вой билмадик, туппа-тузуклар-ку, – жавоб берди аёл. Милиционернинг синчковлигига унинг ғаши келди.

– Ҳушёр бўлинглар, – деди инспектор қўшни сотувчи аёлларга эшиттириб, – Ҳозир ҳар қанақа одамларга ишонаверадиган замонмас... Ким шубҳали кўринса дарров бизга хабар қилинглар, хўпми? Ҳозир турли қочоқлар кўпайиб кетишган, ораларида террорчилар ҳам бўлиши мумкин. Кейин панд бериб қўйишади.

– Хўп бўлади!!! – дейишди аёллар гапни қисқа қилиш маъносида.

Синчков инспектор мўйсафид кишига яқин борди ва унинг бир аҳволдаги уст-бошларига, юз тузилишларига эътибор бериб, оҳиста унинг елкасидан туртиб кўрди.

– Тоғажон, ҳой тоға!...

Киши бир безовталаниб бошини кўтармоққа шайланди, лекин мастлардек яна қайтиб ётиб қолди.

– Бу кишининг соғлиғи чатоққа ўхшайди-ку! Ичгани йўқ, касал бўлса керак... Саидов! Ануви ўзимизни доктор опани чақириб келинг, мен шу атрофда бўламан, хўпми?!

– Хўп бўлади! – деди сержант ва шошиб қаёққадир кетди.

* * *

Доктор опа мусофир кишини обдон текшириб кўраркан, унинг қон босими тушиб кетгани ва аҳволи оғирлигини айтди.

– Ўртоқ инспектор, бу кишини тезда касалхонага ётқизиш лозим, соғлиғи ёмон, бирор юқумли касали ҳам бўлиши мумкин, текширтириш керак бўлади, – деди у бир оз ҳаяжон билан.

Инспекторнинг рация орқали чақирган "тез ёрдам"и кўп ўтмай етиб келди. Замбилни кўтаришга яна бир одам керак бўлиб қолди. Инспектор аравада қоп ташиётган бир ҳаммол йигитни чақирди. Ҳаммолнинг томоғи боғланган ва ўзини гунгдек тутарди. Инспекторнинг топшириғини бекаму кўст бажарди. У касал кишини машинага юкларкан, беморга қараб бир зум анграйиб қолди. Аммо ҳайдовчи эшикни ёпиб тез жўнаб қолди.

Йигит ўша ерда бир муддат довдираб турди ва Одинахонга бир ғалати қараш қилди "Тавба, бу бола нега менга бунақа олаяди?" – деб хаёлидан ўтказди аёл.

– Демак, бу киши ҳақида ҳеч нарса билмайсиз, тўғрими? – сўради инспектор унинг хаёлини бузиб.

– Йўғе, худо урсин, аммо одамгарчилик ҳам керак-ку, – деди Одинахон чинакамига аччиқланиб.

– Хўп-хўп, майли, бирор нарса эсласангиз, менга айтарсиз, опажон.

Инспектор шундай деб ўз иши билан нари кетди.

Кўп ўтмай Одинахоннинг рўпарасида ҳалиги беморни юклашга ёрдам берган ҳаммол бола пайдо бўлди. У қийналиб нимадир демоқчи бўлди, лекин томоғи хириллади, холос.

– Нима деяпсиз, тушунмадим? – Ҳайрон бўлиб сўради сотувчи аёл.

Йигит соқовлардек нималарнидир тушунтирмоқчи бўлиб ишора қилди. Қўли билан ҳадеб "У киши ким эди?" – деб сўрамоқчи бўларди. Одинахон ҳам "Мен билмайман", – дея ишора қилди ва йигитнинг кўзида қандайдир бетоқатлик ва хавотирликни пайқади. Ҳаммол аёлдан ручка ва қоғоз сўради. У фартугининг чўнтагидан тезда чиқариб берди. Тез орада қоғозда "У кишини танийсизми? Бу ерда нима қилиб юрибди?" – деган ёзув пайдо бўлди. Ёзув жуда чиройли ва ҳошияли эди.

– Билмайман. Мен у кишини биринчи кўришим, – деди аёл елкасини қисиб.

Йигит индамади ва негадир маъюс бўлиб қолди. Шу пайт уни қопнинг эгаси "Ҳой юкчи бола, бу ёққа келмайсанми тезроқ?! – деб чақириб қолди. Ҳаммол маъюс кўзлари билан аёлга маъноли қараб қўйдида, беихтиёр нари кетди. Одинахон унинг кўзларида қандайдир изтиробни ҳис қилди. "Қизиқ, нимага бу бола менга бунақа қарадийкин?" – деб ўйлади ўзича ва нариги пештахталар қаторида ҳужжат текшириб юрган инспекторга кўзи тущиб беихтиёр у томонга юрди.

– Ҳой ука, анави сиз ёрдамга чақирган ҳаммол йигит ғалатироққа ўхшаяпти-да. Менга шундай тикилдики, этларим жимиллаб кетди, – деди Одинахон ўзидан қўшиб ва унинг ёзиб кўрсатган хатини узатди.

– Ҳалиги гунг болами?

– Ҳа, лекин у соқов эмас, томоғи оғриқ экан, холос.

– Сизга раҳмат, опа, буни албатта текшириб кўрамиз, – деди инспектор ҳам хиёл таажжубланиб.

* * *

"Чорсу" милиция таянч пункти. Сержант Саидов бўйнини кир рўмол билан боғлаб олган, уст-боши юпун, аммо ўзи бақувват ўша ҳаммол йигитни бошлаб кирди.

– Ўртоқ бошлиқ, топшириғингизга биноан мен уни топиб келдим. Лекин унинг ёнида ҳеч қанақа ҳужжати йўқ экан.

– Томоғингга нима қилган? – Сўради инспектор.

Йигит нимадир демоқчи бўлди. Томоғи хириллади, лекин товуши эшитилмади, оғриқдан эса юзи қизариб кетди, тушунтиролмади.

– Қани еч-чи!

– ... ?

– Нима, қулоғинг ҳам карми?! Бўлмаса ўзимиз ечамиз! – дея пўписа қилди капитан.

Ҳаммол бўйнидаги оқ рўмолни оҳиста ечди. Бўйни кўкариб шишиб кетган, баъзи жойлари қизарган ва тирналган эди.

– Кўйлагингниям еч!

Йигит беихтиёр кирлаб кетган этаги узун афғонча кўйлагини ечди. Милиционерлар унинг бақувват баданидаги турли доғлар ва моматалоқ жойларни кўриб ҳайрон қолишди.

– Э-ҳе, роса дабдала қилишибди-ку! – деди инспектор уни айлантириб кўраркан ва елкасидаги кўкиш-қизғиш изга эътиборини қаратди: – Мана бу ниманинг изи?

Йигит индамади. Унинг ўрнига сержант Саидов бошлиқдан рухсат сўраб ўз фикрини баён қилди:

– Бу бирор қурол тасмасининг изи бўлса керак, ўртоқ капитан.

– Яхши. Хўш йигитча, шу фикр тўғрими?

Йигит ерга қаради ва "Ҳа" ишорасини қилди.

– Қаерликсан, ё аскарликдан қочиб юрибсанми?

Йигит бир оз тургач яна "Ҳа" ишорасини қилди.

– Қайси қисмдан? Қаерда хизмат қилаётгандинг? Қани, менга мана бу қоғозга ёзиб жавоб бер-чи!

Йигит узоқ ўйланиб қолди, фақат "Ёз!" деб дўқ эшитганидан сўнггина бир сапчиб тушди-да, сўнг "Ислом армиясидан", – деб ёзиб қўйди.

– Нима-нима, қаердан?!... – ҳайрат билан сўради инспектор ҳангу манг бўлиб.

Йигит "Сўхдан" деб ёзиб қўйди.

– Э-ҳа, ишлар каттага ўхшайди-ку!... Ҳалиги бемор кишини қаердан танийсан? – Сўради инспектор унинг кўзларига синовчан боқиб.

"Ҳамқишлоғим" деб ёзди йигит қўллари қалтираб. Унинг пешонасидан совуқ тер чиқиб кетди. Ҳаяжондан юраги гупиллаб ураётгани шундоққина сезилиб турарди.

– Ўртоқ сержант, бу йигитнинг шахсини аниқлаш учун вақтинча ушлаб туриш бўйича ҳибсхонага расмийлаштиринг. Экспертиза қилдиринг. Кейин ҳамқишлоғидан хабар олиб, у киши ҳақида ҳам маълумот йиғинг.

– Тушунарли, ўртоқ капитан, кетишга рухсат этинг!

– Рухсат. Бу йигитни ҳозироқ олиб кетинг.

Сержант Саидов ёнидан кишан олдида, эндигина кийиниб бўлган ҳаммолнинг чап қўлини ўзининг ўнг қўлига тақиб, уни олиб чиқиб кетди.

Капитан Юсупов ўйланиб қолди.

– Масала жиддийга ўхшайдику, – деди у ўзича ва Ўзбекистан харитасига қараб "Сўх" деган жойни топди. Боткен, Жирғатол деган жойларга ҳам суқланиб кўз югуртириб чиқди ва бир қарорга келиб қаёққадир телефон рақамларини тера бошлади.

– Алло, бу Миллий хавфсизлик хизматиданми?... Менга Бахтиёр Тўраев керак эдилар... Алло, Бахтиёржон, қалайсиз, хизматлар яхшими? Сизбоп бир иш чиқиб қолганга ўхшайди-да. Маслаҳатингиз керак бўлиб қолди-да. Ҳозирми?... Хўп бўлади.

* * *

Кейинги кунларнинг бирида профилактика инспектори Юсупов ҳузурига миллий хавфсизлик хизмати ходими капитан Бахтиёр Тўраев гўё лотореясига ютуқ чиққандек хурсанд ҳолда кириб келди.

– Ички ишлар ходимларига алангали саломлар!

– Э, келинг, Бахтиёржон! Қалай, яхши юрибсизми? Димоғингиз чоғ кўринади.

– Ҳа, албатта, – деди Бахтиёр стулни ўзига тортиб ўтираркан, – Сиз берган ануви ҳаммол йигит ҳақидаги маълумотлар бизга жуда қўл келаяпти-да. Кейин, энг муҳими сизга яхши хабар олиб келдим.

– Ие-ие, қани эшитайликчи...

– Ўша йигит, яъни госпиталда даволанаётган Тўйчиев Нормурод билан касалхонада ётган Тўйчиев Нурмат ака икковлари ота-бола чиқиб қолишди!

– Ие, ё тавба! – деб юборди Юсупов таажжубланиб, – наҳотки, у ўз отасини ўшанда танимаган бўлса.

– Ҳа, бўлса бордир. У жуда оғир "стресс" ҳолатида экан. Бошидан қаттиқ лат еган. Ҳозир ҳам ўзига кела олганича йўқ, шифокорлар овоз пайлари чўзилган, мияси ҳам чайқалган, дейишди.

– Қизиқ, Тошкентга қандай қилиб келиб қолди экан-а? Яна шаҳарнинг қоқ маркази "Чорсу"га-я!...

– Буни ҳар ҳолда аниқладик. У кўп нарсаларни эслай олмаётган бўлса-да, лекин бу ерга қандай келиб қолганлигини айтиб берди.

– Қандай келиб қолибди? Биз буни билишимиз керак. Шаҳар бедарвоза эмас-ку, ахир!

– Тўғри шунча чегара постлари, милиция бўла туриб ҳужжатсиз қандай келиб қолган демоқчисиз-да...

– Ким ахир уни ўтказиб юбориши мумкин? – деди куюниб Юсупов.

– Ҳа, ҳамма гап шунда-да... Лекин буни аниқладик.

– Хўш-хўш...

– Унинг айтишича, у мужоҳидлардан қочиб келаётиб Сўх дарёсини кечиб ўтибди. Сўнгра, адирдан секин тезликда тушиб келаётган машинага чиқиб олибди. "Камаз"га пиёз ортилган экан. Пиёз қоплари орасидан йўл очиб, олд томонига ўтиб ётиб олибди. Сўнгра ухлаб қолган. Машина бўлса бир суткадан сўнг "Чорсу"га кириб келибди. Албатта ҳайдовчи буни билмаган. У қандай бўлмасин жанг майдонидан уйи томонга қочмоқчи бўлган.

– Қизиқ, пиёзнинг эгаларичи, наҳот сезишмаган бўлишса?...

– Унинг айтишича, машина бозорга ярим тунда кириб келган. Пиёзни тез тушириш керак бўлган, Нормуродни ҳаммол деб ўйлашган. Сиз ўша пиёзнинг эгаларини топиб бу ҳақида аниқроқ маълумот олиб берсангиз ёмон бўлмасди.

– Унинг келганига неча кун бўлибди?

– 15 кун. Тўғри, бу даврда пиёз улгуржи сотилиб кетган бўлиши ҳам мумкин. Ҳар ҳолда текшириб кўрилса дегандим-да. Агар "Камаз" эгасини топа олсак яхши бўларди.

– Томоғига нима қилган экан уни?

– Мужоҳидлар уни қийноққа солишган кўринади. Дорга осиб қўйишган. Кимдир уларни қутқарган ва қочириб юборган.

– Эҳ, бечора... Нима, яна бир қочоқ бор эканми?

– Ҳа, бўлган экан, шекилли. Лекин унинг айтишича, шериги чегарада вертолётларимиз ўқига ўзини тутиб берганмиш.

Улар Ўзбекистон харитасига қараб бир оз сукутда қолишди.

– Ҳа, – деди Юсупов афсусланиб. – Болаларга жабр бўлибди. Лекин қизиқ, улар қандай қилиб Боткенга, мужоҳидлар хизматига тушиб қолишди экан-а? У ерда яна қанча йигитларимиз бор экан?

– Уларни "Хорижга ўқишга олиб кетамиз", деб алдашибди. Кейин бизга қарши қурол кўтаришга мажбур қилишибди, – деди Тўраев чуқур хўрсиниб олиб.

– Унда анави мўйсафид Нурмат ака-чи? У бу ерга қаердан келиб қолди? Ўғлининг шу ерда эканлигини қандай билди экан?

– Сиз шуни иложи бўлса, аниқлаб берсангиз. Лекин буни у кишидан сир тутинг, хўпми! Ишларим жуда кўп. Сарчинорга бориб келишим керак. У йигит баъзи масалаларни аниқлашда бизга қўл келадиган кўринади. Сиздан илтимос, Нурмат аканинг олдига ўзингиз бирров ўтиб қўйсангиз, сўнг менга қўнғироқ қиларсиз.

– Хўп бўлади. Мен шу бугуноқ ўтаман.

Бахтиёр миннатдорчилик билдириб хонадан тезгина чиқиб кетди. Капитан Юсупов харитага тикилганича чуқур ўйга толди ва Нурмат акадан нималарни сўраш кераклиги ҳақида ўз саволларини режалаштирди. Сўнгра сержант Саидовни чақириб пиёз бозори бўйича баъзи топшириқларни берди.

* * *

Профилактика инспектори капитан Юсупов тушлик қилиб бўлганидан сўнг касалхонадаги мўйсафиддан хабар олиш ниятида мева-чевалар растасига йўл олди. Олма, нок, узум каби ҳар хил мевалардан оз-оздан харид қилиб пакетга жойлади-да, ёнига икки дона иссиқ ширмой нон ва маъданли сув ҳам қўшиб қўйди. Сўнгра рацияни олиб ёрдамчисига ўзининг касалхонага кетаётганини айтиб қўймоқчи бўлди:

– "526-", "525-"га жавоб беринг.

– "526-" эшитади.

– Тинчликми?

– Ҳа, ўртоқ бошлиқ. Бу ерда сизни бир аёл кутиб турибди.

– Ким экан?

– Зирафуруш Одина опа.

– Кутсин! Ҳозир кетаяпман.

"Қизиқ, Одина опа қандай янгилик топди экан?" – дея хаёлидан ўтказди инспектор ўз таянч пункти томон шошилиб бораркан.

– Ассалому алайкум, келинг опа, хизмат! – у ўз хонасига аёлни бошлаб киргач "мақсадга ўтинг" дегандек назар солди.

– Бир шубҳали шахс келувди, – деди Одинахон бир оз эсанкираб. – Мендан ануви бемор киши ҳақида сўради. Бу ерни одами эмас, ўзбекчани бузиб гапиряпти.

– Хўш, хўш, қизиқ-ку?! Қани ўтиринг, бир бошдан шошилмасдан гапиринг-чи! – инспектор халтани тумбочка устига авайлаб қўяркан.

– "Шеригимни йўқотиб қўйдим. У киши сизнинг олдингизга келиб гаплашиб тургандек бўлувди. Мен зиравор бозорида бир танишимизни қидираётувдим. Уни исми Аҳмадхўжа, бугун ишга келмабди. Кейин шеригимга шу ерда туриб туринг дегандим, йўқолиб қолди. Қўлида оқ сумкаси ҳам бор эди" деди. Мен унга у кишининг мазаси қочиб қолганини, иннайкейин дўхтир чақирганимизни ва "тез ёрдам" уни касалхонага олиб кетганини айтдим. У "Қайси касалхонада?" – деб сўради... Мен билмайман, бозорнинг ҳамшираси билади, ўша жўнатди" – деб айтдим. "Қўлидаги сумкани нима қилдиларинг, уни сизга ташлаб кетган бўлса, менга беринг", – деб ғалати гапирди. Мен "вой, у кишининг қўлида ҳеч қанақа сумка кўрмадим", – десам, хуноби ошиб, жаҳли чиқиб тожикчалаб бир нималар деб сўкинди. Кейин мўйсафиднинг қаердалигини билиб беринг, илтимос, опажон!" – деб ялинишга тушди. Уни ануви кишидан кўра кўпроқ сумкаси қизиқтираяпти, чоғим...

– Э-ҳе, қизиқ-ку!... Опажон, ҳушёрлигингиз учун сизга мингдан-минг раҳмат.

– Ҳа ўша "ҳушёр бўлинглар, ҳар хил одамлар юрибди, шубҳали одамларни кўрсангизлар, дарҳол хабар қилинглар", деганингиз учун "Мен ҳозир ҳамширанинг олдига бориб, билиб келаман", деб олдингизга чопиб келганим.

– Ҳозир у қаерда?

– Ўша менинг растам олдида-да. Сўппайиб турибди.

– Бўлди, опажон. Ҳозир бир дақиқа... Ҳой, посбонлардан ким бор?! – дея қичқирди у очиқ қолган эшик томонга.

– Эшитаман, ўртоқ бошлиқ, – дея фуқаро кийимидаги бир норғул йигит кириб келди.

– Кел, Жаҳонгир. Яна сизлардан ким бор?

– Ана, ташқарида Дониёр билан Баҳодир туришувди.

– Тез чақир, уларни!

Зум ўтмай хонада уч норғул йигитлар пайдо бўлишди. Уларнинг халқ посбонлари эканлиги ва бошлиқнинг буйруғига шай, ғайратлари жўшиб тургани вужудларидан сезилиб турарди.

– Хуллас, муҳим иш бор. Мана бу опанинг растаси олдида бир мусофир фуқаро киши турибди. Шуни бозор ичида тўполон қилмасдан, силлиқ қўлга олиш керак.

– Аввало опанинг олдида қўлга олсак, у киши буни уюштирган бўлиб қолиши мумкин, – деди Жаҳонгир зукколик билан.

– Вой, ҳа-я! – деб гапга аралащди Одинахон, – Қочиб кетиб кейин менга зуғум қилмасин тағин.

– Хўп, опажон! Сиз ҳозир медпунктга кетгансиз, шундайми?

– Ҳа, шунақа дедим.

– Бўлмаса унга бориб айтинг. Бу болалар ҳам албатта уни топиб олиш учун ул-бул харид қилган бўлиб боришади. Сиз унга "Ҳамшира бировга осма укол қилаётган экан. Меҳмоннинг ўзини олдимга юборинг. Ўзим яхшилаб тушунтириб қўяман" – деб айтди, дейсиз. Биз уни медпунктнинг ичида қўлга оламиз. Мен ҳам ўша ерда дўхтирнинг ёнида бўламан, хўпми?

– Демак, тузоқ қўямиз, – деди йигитлардан бири кулиб.

– У ичкарига кириши биланоқ ортидан киринглар-да, ушланглар. Мен у ердаги бегона одамларни чиқариб юбораман.

* * *

"Операция" жуда чиройли чиқди. Сих ҳам куймади, кабоб ҳам. Шубҳали шахс, яъни Саидакбар камерага олиб кириб қўйилгач, инспектор посбон йигитларга миннатдорчилик билдирди. У қўлга олинган кишининг ҳужжатларини кўздан кечирар экан, кейинги ишларни режалаштирди. Нима қилиш мумкин? Уни шу ерда ушлаб тураверсинми ё терговчиларга оширсинми! Йўқ, бу ерда бошқа гап борга ўхшайди. Бахтиёр билан бамаслаҳат иш қилмаса бўлмайдиган кўринади.

Шу пайт эшик тақиллади.

– Рухсат этинг, ўртоқ капитан! – деди ёрдамчиси сержант Саидов.

– Рухсат.

– Мен сизнинг топшириғингизга биноан пиёз бозорида бўлдим ва Сўхдан пиёз олиб келган одамни топдим.

– Хўш-хўш?

– Унинг айтишича, тунда соат учлар чамаси бозорга кириб келишибди. Шофёр уларни шошилтирибди. Ҳаммол керак экан, лекин у вақтда қаёқданам бўлсин. Машинанинг олдига анави йигит қаердандир келиб турган экан. Ўзлари биргаликда туширишиб, йигитга 2000 сўм пул беришибди. "Лекин полвон йигит экан", – дейди. Мана ёзма баённомаси.

– Ҳа, тушунарли. Демак, улар ҳеч нарсани сезишмабдими?

– Йўқ, "мизғиб ухлаб келдик" дейишди.

– Хўп, майли. Бўлмаса сизга бошқа муҳим топшириқ бор.

– Эшитаман, ўртоқ бошлиқ.

– Ануви қуртфуруш, гуручфурушлар растасида бир Аҳмадхўжа деган одам бор экан. Сиз у ҳақида маълумот тўпланг. Тожикистондан келиб қолганлардан бўлиши керак. Қисқаси, бу ерда у қачондан буён фаолият кўрсатади, қаерда туради, кимлар билан алоқада бўлади?... Лекин айтиб қўяй, сизнинг бу суриштирувингизни у зинҳор-базинҳор билмаслиги керак, тушунарлими?

– Тушунарли, ўртоқ капитан.

– Мен бўлмасам касалхонага бир беморни кўргани кетаяпман. Бирор соатларда қайтаман. Сиз посбон болалар билан шу ишларни қилиб туринг, хўпми?

– Хўп бўлади, ўртоқ капитан! Кетишга рухсат этинг!

– Рухсат...

Инспектор Юсупов бажарилган ишлардан кўнгли тўлиб, касалхона томон кетди. "Аввало ота билан суҳбатлашиб олайинчи, сўнгра Бахтиёрга қўнғироқ қиларман". – деган фикр кўнглидан ўтди.

* * *

Нурмат ака асаб касалликлари бўлимида экан. Дўхтирнинг айтишича, у ўта оғир шок ҳолатларни бошидан кечирганмиш. Умумий ҳолати ҳозирча яхши эмас, бирор ой ётиб тўла текширув ташхисидан ўтармиш.

– У кишининг уйига хабар қилайликмикан? – деди невролог дўхтир.

– Йўқ, ҳозирча мумкин эмас. Ўзимиз хабар қиламиз. Сиздан илтимос, фақат у кишига яхши қаранглар. Бу киши тезроқ соғайиб кетишлари керак. Бизнинг суриштирув ишларимизда унинг берган маълумотлари жуда зарур бўлади.

Дўхтир инспекторни Нурмат аканинг ҳузурига бошлаб кирди. Бемор инспекторни таний олмади ва бир оз безовталанди. Ўрнидан турмоқчи эди "Қўзғалманг, бемалол ётаверинг, тоғажон", дея милиционер унинг елкасига қўлини қўйди.

– Қалай, тузукмисиз! Ўтган кунгидан анча яхшисиз! Анча қўрқитиб юборувдингиз, хайрият, – деди у кўнгил олиб.

– Раҳмат-раҳмат, лекин сизни таниёлмаяпман.

– Э, ўша "тез ёрдам"ни мен чақирганман-да, тоға. Қарасам, анча мазангиз қочиб қолган экан.

– Шунақами, раҳмат, умрингиздан барака топинг, ука. – деди Нурмат ака "хўш, хизмат?" – деган маънода савол назари билан қараб.

– Энди хизматчилик-да, тоғажон. Бошингизга бирор мушкуллик тушган бўлса, ёрдам қўлини чўзиш бизнинг вазифамиз... Мен, ўша бозорнинг профилактика инспектори Юсупов бўламан. Ўзингиз тушунасиз, хизматчилик тақозоси деганларидек...

– Ҳай бемалол. Яхшилигингизга раҳмат. Ёмонларни ҳам кўриб келяпман..., – деди-ю жавоб тариқасида кўзларида бир томчи ёш думалади.

– Ҳай-ҳай, хафа бўлманг, тоға. Ҳаммаси яхши бўлади... Нима иш бўлди ўзи? Мундоқ ўзингизни таништирсангиз. Кимсиз? Қаердан келяпсиз? Ҳар ҳолда ёрдамимиз тегиб қолса зора. Мана, энди хабар олиб турамиз. Дўхтирга ҳам сизга яхшилаб қарашларини тайинладим...

– Мен, сарчинорлик Нурмат муаллимман. Ўғлимни йўқотиб қўйдим. Уни ахтариб шу аҳволга тушиб қолдим, – деди бемор ота ва ўпкасини боса олмай йиғлаб юборди.

Инспектор унга сочиқ узатди:

– Тоғажон, бардам бўлинг. Ўғлингиз топилади. Ҳеч хавотир олманг. Мана биз ёрдам берамиз.

Улар узоқ суҳбатлашишди. Инспектор керакли маълумотларни блокнотига қайд қилиб қўярди. Энди бемор суяниб олган ва ўзини анча бардам ҳис қиларди. У бу дунёда ўзидан ҳол-аҳвол сўрайдиган инсонлар ҳам борлигидан кўнгли тонг каби ёришганди.

– Тоғажон, айтингчи, Тошкентга келганингизда қўлингизда бирор нима бор эдими? – деб сўради инспектор жиддий.

– Ҳа, оқ сумкам бор эди.

– Ўша сумкангиз қани?

Мўйсафид каравотини у ёқ-буёғини қаради. "Йўқ" деб ҳайрон бўлди.

– Каравотнинг тагини қарангчи!

Инспектор ўриндиқнинг тагини ҳам, шкаф-тумбочкаларини ҳам бир-бир қараб чиқди. Сумкадан ном-нишон йўқ эди.

– Унда нимангиз бор эди?

– Йўқ, сумка меники эмасди. Уни мендан бериб юборишганди. Ичида қанд-қурс, туршак, шакар бўлса керак, лекин очиб кўрмадим.

– Шакар дедингизми? "Очиб кўрмадим...?".

– Гапнинг очиғи, қўлимни тиқсам, салафан пакетларга тегди, лекин олиб кўрмовдим, – деди Нурмат ота соддадиллик билан. – Кейин ўзимча шакар бўлса керак деб ўйладим-да.

– Уни ким берувди?

– Жирғатолда Худойдод деган киши "Чорсу" бозорида қуртфуруш Аҳмадхўжа исмли тожикистонлик кишига биздан совға-салом сифатида бериб қўйинг, деб илтимос қилувди.

– Ҳозир сумка қаерда бўлиши мумкин-а?

– Билмадим... Ё ўша зираворфурушларни олдида қолувдимикан?! – деди эслашга ҳаракат қилиб.

Инспектор рацияни ишга солди.

– "526-", "525-"га жавоб беринг.

– "526-" эшитади.

– "526-", зудлик билан йигитларни олингда зираворфуруш Одинахоннинг растасини орқасига ўтиб, бир сумкани қидириб кўринглар.

– "525-", қанақа сумка?

– Тоғажон, қанақа сумка эди?

– Ҳалиги, бозор сумка, ранги оқ эди.

– Оқ, бозор сумка.

– Кичикроқ, – деди мўйсафид қўшиб.

– Кичикроқ, "526-", тушундингизми?

– "525-", тушундим.

– Менга кейин бу ҳақда зудлик билан ахборот беринг.

– Хўп бўлади, ўртоқ капитан.

– Хўш, отахон. Кейин ўша Аҳмадхўжани топдингизми?

– Йўқ, уни шеригим қидириб кетувди.

– Қанақа шерик?

– У мени чегарадан ўтказиб, кузатиб қўйди. Бизлар хайрлащдик. Бозор ичига кириб келсам, мендан аввал ўзи етиб келган экан..., – деди у ҳайронлик билан.

– Нега? Бу қизиқ-ку!...

– Билмасам, у қайтиб кетиши керак эди.

– Қаерга?

– Худойдоднинг олдига-да!... Ҳалок бўлган Омонзоданинг ҳам ўлигини ватанига олиб кетиши керак эди.

– Қайси Омонзода?

– Худойдод дастлаб мени кузатиб қўйишни Омонзодага топширувди. У йўлда ҳалок бўлди. Тўғрироғи уни отиб ташлашди.

– У раҳматли Омонзода деганингиз Аҳмадхўжани танирмиди?

– Ҳа, биларди, шекилли.

– Анави сизга кейин ҳамроҳлик қилганни-чи?

– Билмасам. Менимча танимаса керак. Чунки, мендан "У кишини қаердан излайсиз, танийсизми?" – деб сўраганди.

– Тушунарли, – деди инспектор ўйчан нигоҳда.

Шу пайт рация ишлаб қолди.

– "525-", "526-"га жавоб беринг.

– "525" эшитади.

– Сумкани топдик, қоплар орасида қолиб кетган экан.

– Яшавор, хўроз! – дея қувониб инспектор, – Қарачи, ичида шакари ҳам бор эканми?

– ...Бор экан ўртоқ бошлиқ! Шакарки, бу ёғи "асал" экан! – деган шодон овоз келди.

– Ие, шунақами?! Бўпти, тоғажон, мен чопдим! Мен олдингизга яна келаман, хўпми...

Инспектор беморлару соғларни ҳайрон қолдириб, худди ҳозиргина хотини ўғил туққан отадай севиниб касалхонадан отилиб чиқиб кетди.

* * *

Миллий хавфсизлик хизмати ходими Бахтиёр Тўраев Сарчинорга сафарга кетганлиги туфайли, ҳамкори инспектор Юсуповнинг эришган муваффақиятларидан ҳали бехабар эди.

У Нурмат аканинг ҳовлисини тақиллатганида уй эгаларидан ҳеч ким йўқ экан. Шу туфайли қўшниларидан сўради.

– Ие, келинг меҳмон! – дея бир қишлоқ аёли уни хушфеъллик билан қарши олди.

– Ассалому алайкум! Узр, опажон, менга анави қўшнингиз Нурмат ака керак эдилар.

– У киши курортга кетганлар, эрта-индин келиб қоладилар.

– Курортда денг, ўғиллари-чи?

– Ўғиллари ўқишга кетган, хорижда. Кеча шу десангиз Нормуроддан хат келган экан. Анчадан бери хат ёзмаётганди. Эгачим шунга пича хавотирга тушиб турувди. Кеча бирам қувониб, "суюнчи" деб бизникига чиқувдилар. Ўқищдан кейин ишлаб пул топаётганмиш. 100 доллар пул ҳам жўнатиб юборибди, боласи тушмагур...

– Ие, яхши-ку!...

– Ўзингиз ким бўласиз, меҳмон? Танимайроқ турибман...

– Мен ўша... Нормуроднинг муаллимларидан бўламан. Сафарга келувдим, йўл-йўлакай бир кириб ўтайин, деб...

– Ие-ие, хуш келибсиз! Қани, бизникига кириб тура қолинг. Чой-пой ичиб туринг.

– Йўқ. Раҳмат, мен туман марказига ўтиб кетаётгандим. Бўлмаса, икки соатлардан сўнг қайтишимда кириб ўтарман. Шундоқ деб қўярсиз.

– Ҳай майли-майли, бемалол. Кирсангиз бўларди.

– Раҳмат, опажон! – деди-да Бахтиёр хизмат машинасини ўт олдирди.

У қишлоқдан туман маркази томон бораркан, ўзича кулиб қўйди.

– Одамларимиз жуда ҳам содда-да!... "Курорт"миш... Қизиқ, 100 доллар қаердан келди экан? Нормурод "уйга умуман хат ёзганим йўқ", деганди чоғим. Бу ерда бир эмас, кўп гап борга ўхшайди, назаримда. Ё бу ҳам ваҳҳобийларнинг навбатдаги, ҳали биз дуч келмаган найрангларидан биримикан?...

* * *

Бахтиёр Сарчинорга қайтиб келганида Нурмат аканинг эшиги олдида от етаклаган истараси иссиқ бир қирғиз қиз турарди. Отнинг узоқ юргани, унинг терлаб кетгани ва танасидан чиқаётган ҳовуридан маълум эди.

– Сиз ҳам шу ҳовлигами! – деб сўради Бахтиёр салом-аликдан сўнг.

– Ҳа, – деди қиз хиёл бўйнини эгиб.

– Нега кирмай турибсиз, бўлмаса?

– Еч ким жўқ екен, – дея қирғизчалаб жавоб берди қиз.

Бахтиёр беихтиёр эшикни итариб кўрди. Эшик очилди. Уйчасида ётган қора ит ҳурпайиб вовуллай бошлади.

– Ҳов ока, Нурмат ока!!...

– ...

Бахтиёр ичкарини кўздан кечирди. Оддий қишлоқ ҳовлиси бўлиб, ишком тагида сўри бор эди.

– Мен ҳалигина келиб-кетувдим. Қўшниларига тайинловдим. Эгалари ҳали келишмаган шекилли... Нима қиламиз, кириб сўрида ўтириб тура қолайлик, узоқдан чарчаб келган кўринасиз?

Қиз нима қилишини билмай, жимгина елкасини қисиб қўйди.

– Юра қолинг. Кўчада турмайлик, мен ҳам сизга ўхшаган бир меҳмонман.

– Итлари бор экан-ку...

– Боғлоқ экан.

Қиз кўчадаги кекса толга отини боғлади ва эгар устига хуржун каби ташлаб қўйилган сумкаларни туширди.

– Сиз бемалол кираверинг, – деди қиз ийманиб.

Бахтиёр кириб сўрига омонатгина ўтирди. Уни қиз ҳам қизиқтириб қолганди. "Ҳойнаҳой, Боткендан бўлса керак?" – деди у хаёлан.

Қиз ҳам сумкаларни ичкарига олиб кириб, эшик олдига қўйди-да, ийманиб келиб сўрига ўтирди.

– Яхши бўлди, зерикмайдиган бўлдим, – деди Бахтиёр кулиб, – Опа келгунларича у ёқ-бу ёқдан гаплашиб ўтирамиз-да. Булар қариндошларданми дейман-а?...

– Жўқ, атамдын дўсти бўлўт.

– Ким, Нурмат аками?

Қиз "ҳа" ишорасини қилиб бош силкиди.

– Исмингиз нима?

– Гулбиби.

– Меники Бахтиёр, тошкентликман. Сиз-чи?...

– Қўшни жайдан.

– Боткенданми?

Қиз яна боягидай "Ҳа" ишорасини қилди.

– Э, ҳа..., – деди Бахтиёр ўзини ҳайрон қолгандай кўрсатиб, – Бу урушлар тинчиб қолдими?

– Азыринче жўқ.

Бахтиёрга ҳар бир воқеа нарса тўғрисида сўраб, камгап қиздан гап олавериш ноқулай туюлди ва уй эгасидан келса сўраб олишга аҳд қилди. Шу туфайли ҳам гапни бошқа ёққа буриб кўрмоқчи бўлди.

– От минишга уста экансиз. Мен, масалан, умримда ҳечам от минмаганман.

– Ниге?

– Қўрқаман-да.

Қиз ним табассум қилди. У жудаям чиройли жилмаяркан. Қуруқшаб кетган ёноқларида Нормуродни шайдо қилган ўша кулдиргичлар пайдо бўлди.

Бахтиёр сезилар-сезилмас унинг афт-ангорига боқди ва қизнинг пешонасидаги тириш ва шаҳарли қизларга ўхшаб юзига оро берилмаганидан унинг боши турмуш ташвишларидан ҳоли эмаслигини тушуниб етди. Юкларига қаради. "Тирикчилик туфайли, эркак кишининг ишини қилиб юрганга ўхшайди", деб ўйлади у.

– Отангиз ҳозир қаердалар, ўзлари бирга келмадими?

– Атам жўқалиб қалды.

– Ие, қаерда? Анча бўлдими?

– Тоғда, жигирма кун бўлут, – деди қиз ерга боқиб.

– Ҳа, ташвиш қилманг, келиб қолишар... Тоғ бепоён бўлса..., – деди-ю, у ерда мужоҳидлар ҳаракат қилаётганлари ёдига тушиб жим қолди.

Каромат ая уйига қайтганида, эшиклари олдида Тошкент шаҳрининг номеридаги машина ва отни кўриб, "хўжайиним келибди, шекилли" дея севиниб кириб келди-ю сўрида ўтирган икки меҳмонни кўриб ҳайрон қолди.

– Вой, келинглар, хўжайин ҳам келдиларми!

– Йўқ, мен Тошкентдан, буёқ Боткендан, – деди Бахтиёр ўрнидан туриб.

Опа шошиб уйига кириб кўрпачалардан олиб чиқа бошлади. Гулбиби ҳам унга елиб-югуриб қарашди.

– Вой яхши юрибсанми, қизим, яхши келдингми?... Яхши келдингизми меҳмон, уй ичилар тинчми?...

– Раҳмат, ўзларингиз тинчмисизлар?

Улар фотиҳага қўл очишди. "Мен ҳозир" – деди Каромат ая чойга ҳозирлик кўриб.

– Йўқ-йўқ, овора бўлманг.

– Ашханангиз қайда, мен дамлайман, – деди Гулбиби уларни ҳоли қолдирмоқ ниятида.

– Ҳай майли, айланай қизим. Ҳув ана ошхона. Яхши келдингизми, меҳмон?

– Мен Нормуроднинг муаллимларидан бўламан. Шу томонларга йўлим тушганди, бир хабар олайин деб...

Каромат ая хурсанд бўлиб кетди ва унинг елкасини сийпалаб кўзларига суртди.

– Вой болам яхши юрибдими? Шундоқ хавотир олаётувдим-ки... Шу десангиз кечагина ундан хат келувди-да, шундоқ қувондим... Бугун бўлса мана сиз...

– Нурмат ака ҳам яхши юришибди. Эрта-индин келиб қолишади.

– Вой, хайрият, соғ-саломатмилар ишқилиб? "Ўғлимни топиб келаман, ўқиши қуриб кетсин" деб кетувдилар, яхши, энди хотиржам бўлибдилар-да. Ўзингиз яхши юрибсизми, тан-жонингиз соғми? Мен ҳозир жиянимни чақириб чиқа қолай, болалар ўқишда, далада дегандек...

– Йўқ, опажон, мен Тошкентга қайтиб кетвотувдим, ҳалиям бир келиб, қўшнингизга учрашиб кетувдим, вақтим тиғизроқ-де...

– Бугун бизникида меҳмон бўласиз энди...

– Бошқа сафар, опажон.

– Кейин, хорижга кетасизми?

– Йўқ, ҳозирча озгина ишларим бор, кейинроқ.

– Вой, жуда қизиқ бўлдику! Ҳа айтгандай, тоғангиз қаердалар?

– Тошкентда, санаториядалар. Нормуроджон билан баъзан менинг кабинетимдаги телефон орқали гаплашиб турибдилар.

– Вой тавба, кетатуриб "Сўраганларга мени курортга кетди деб айт" дегандилар. Барибир айтганини қилибди-да, чоли тушмагур...". Мен бўлсам бу ерда ота-болани ташвишида сарғайиб ўтирибман. Ҳай майли, омон бўлсинлар ишқилиб.

– Ҳа айтгандай, бу қиз қариндошларингизданми? – деб сўради Бахтиёр Гулбиби чой дамлаб қўйиб кетгач.

– Йўқ, бу қиз хўжайинимни бир қирғиз ошнаси – Сапарқул аканинг қизи бўлади. У кичкиналигида отаси билан бир-икки бозор қилгани келишганди. Кап-катта қиз бўлиб қолибди. Отаси нега келмади экан, билмадим.

– Йўқолиб қолганмиш.

– Вой ўлмасам, ҳа-я уларда уруш бўляпти, дейишади. Вой бечоралар-ей!

Каромат ая қизнинг олдига борди.

– Вой сени танимабман, қизим. Яхши келдингми? Кел ўтир, биз билан чой ич.

Қиз омонат ўтирди ва камзулининг чўнтагидан бир хат чиқариб Каромат аяга узатди. У хатни узоқ ҳижжалаб кўрди, лекин тушуна олмади.

– Менга берингчи, мен ўқиб бера қолай, – деди Бахтиёр.

У ҳам қийналиб ўқиди. Хуллас, хатни қизнинг онаси Кунсулув ёзибди, аввало дуои саломдан сўнг, у турмушлари оғир кечаётгани, бетоб бўлиб қолгани ва Тошкентга ҳам зира олиб боролмай қолгани, аҳвол нотинчлиги, шу туфайли қизини вақтинча яшаб туриш учун юбораётганини, уни Тошкентга жўнатиб юборишга ёрдам беришларини, отаси қайтиб келгач ўзи қизини олиб келиши ҳақида ёзибди.

Бахтиёр қўлидан келганича хат мазмунини тушунтириб берди.

– Тошкентга нега боришингиз керак? – деб сўради у қиздан.

– Анави қурт билан зирани сотиб келаман, – дея жавоб берди қиз.

– Онасининг улгуржи топширадиган эски таниши бор. Чорсу бозорида туради, – деб қўшиб қўйди Каромат ая.

– Сиз у кишини топа оласизми?

– У киши улкан гумбазнинг тагида туради, исми Одина опа. Тополмасам бошқасига бераман.

– Мен сизни опкетақолай бўлмасам, – деди Бахтиёр дадиллашиб, – йўлкира ҳам керакмас, йўлдаги текшир-текширларда ҳар ҳолда "менга қарашли" деб айтаман.

– Ҳа, тўғри. Меҳмон тўғри айтяптилар, қизим. Омадинг чопганини қара... Бориб товарингни сотиб тўғри бизникига қайтиб келаверасан, хўпми, айланай қизим.

Қиз ер остидан Бахтиёрга синовчан қараб қўйди.

– Қайтишда Нурмат ака билан ҳам бирга келаверишади. Мен уни олдига олиб бораман, кейин Қўйлиқдан таксига ўзим чиқариб юбораман.

– Вой, сизни жуда қийнаб қўймаймизми, меҳмон?

– Йўқ, ҳечқиси йўқ, йўлим-ку!... Бўлмасам, опа, мундоқ қиламиз, мени вилоят марказида озгина қиладиган ишим бор эди. Бир-икки соатлардан кейин қайтишда кириб ўтаман. Агар Гулбиби тайёр бўлиб турса олиб кета қоламан. Сиз ҳам боришингиз мумкин, опажон, – деди Бахтиёр Каромат аянинг кўнгли учун.

– Э йўқ, ҳозир болалар қайтишади. Уларга қарашим керак.

Бахтиёр дастурхонга фотиҳа қилди.

– Бўпти, мен кетдим, ўйлаб кўринглар. Мен, албатта, кириб ўтаман, – деди. Эшик олдига боргач бир нимани унутгандай: – Э-ҳа, узр опа, ҳалиги Нормуроддан келган хатни берингчи, мен ҳам бир ўқиб кўрайин.

– Вой майли, мен ҳозир..., – дея аёл уйга чопиб кириб кетди.

– Ўқиб, ҳали қайтишда ташлаб кетарман, майлими?

– Ҳай майли. Лекин бу хатни ёнида яна бир ғалати хат ҳам бор экан. Уни қўшнилар "варақа" дейишди.

– У қани?

– Бунақа бемаза қоғозни йўқ қилиш керак, – дейишганди, – тандирга тутантириқ қилиб юборибман, қаранг.

– Нима деб ёзилган экан?

– "Халифалик" дейдими-ей, ишқилиб ҳукуматга қарши бемаза гаплар-да, ваҳҳобийларники бўлса керак.

– Ҳа, тўғри қилибсизлар, унақа ифлос қоғозларни уйга йўлатмаслик керак, – деди Бахтиёр жиддий, – Хўп, ҳозирча...

Бахтиёр қишлоқдан чиққач хат билан яхшилаб танишди. Мактуб "Хориждан салом!" деб бошланибди. Унда Нормурод ўқишлари ва ишлари тўғрисида мақтаниб ёзган ва баъзи-баъзида денгизда чўмилаётгани тўғрисида ҳам битганди. Бахтиёр беихтиёр хохолаб кулиб юборди.

– Оббо қизталоқлар-ей, денгизмиш-а!..., – деди у кулиб машинани вилоят маркази томон йўналтирар экан. – Мен бундан ксерокопия олиб ҳали Нормуроднинг ўзига ҳам ўқитаман, ё аввал Нурмат акага ўқитсаммикан-а?!! – деб қўйди.

Соседние файлы в предмете [НЕСОРТИРОВАННОЕ]